Россиянинг Кемерово вилояти Маринск шаҳрида ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида қатағон қилинган ўзбек шоири Усмон Носир ҳайкали очилди. ТАССнинг хабар беришича, бу Россияда “ўзбек шоири, таржимони ва драматурги Усмон Носирга ўрнатилган илк ёдгорликдир”. Баландлиги 2,1 метр бўлган бронза ҳайкал “Сиблаг” қурбонлари мемориали ҳудудига ўрнатилди.
Ёдгорликнинг очилиш маросимида иштирок этган вилоят губернатори Сергей Цивилев “Усмон Носир Ўзбекистонда рус маданиятини оммалаштириш учун катта ҳисса қўшган ижодкор” эканини таъкидлади. Усмон Носир Пушкин ва Лермонтов асарларини ўзбек тилига таржима қилган эди.
Губернатор Кемероводаги опера ва балет театрида Усмон Носирга бағишланган қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилаётганини айтди.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов эса Усмон Носир ҳайкалининг очилиши “маданий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам” эканини эътироф этган. Элчининг айтишича, Кемеровда ҳар йили Усмон Носир асарларини ўқишга бағишланган тадбирларнинг ўтказилиши ҳам “Ўзбекистон учун кўп нарсаларни англатади”.
Усмон Носир 1912 йилнинг 13 ноябрида Наманган шаҳрида туғилган. Унинг илк асарлари 1929 йилда нашр қилинган. 1938 йилда Усмон Носир “халқ душмани” сифатида судланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Дастлаб у қамоқ муддатини Узоқ Шарқда ўтади. Кейинроқ Усмон Носир Маринскдаги лагерга кўчирилган. У шу ерда 1944 йилнинг 9 мартида вафот этган.
Усмон Носир адабиётшунослар томонидан ўзбек адабиётидаги ёрқин юлдузлардан бири сифатида тан олинади.