Украинада Россия президенти Путинга яқин кўрилган олигарх Алишер Усмоновга тегишли 2 миллиард гривналик (тақрибан 50 млн доллар) мулк ҳибсга олинган. Бу ҳақда Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, денгиз портлари ҳудудида Украинанинг экспортга чиқариладиган 160 тонна рудаси бўлган яширин омборлар топилган, бу юкларни россияликлар томонидан маҳаллий металлургия ва ҳарбий-саноат комплекси эҳтиёжлари йўлида ишлатилиши учун қонунга зид равишда Россияга олиб чиқиб кетиш режаланган.
Юк Кремлдаги ҳарбий-сиёсий раҳбариятга яқин бўлган асли ўзбекистонлик А. Усмонов ширкатига тегишли бўлган.
“Айни пайтда мазкур мулкни Коррупция ва бошқа жиноятлар орқали топилган активларни аниқлаш, қидириш ва бошқариш масалалари бўйича миллий агентлигига (АРМА) топшириш масаласи ҳал этилмоқда”, дейилган хабарномада.