Андижон вилоят, Андижон туманида 2019 йилда уй-жой билан таъминланиши керак бўлган ўта муҳтож хотин-қизлар рўйхатига яхши таъминланган оилалардан бўлган аёллар киритилган.
Андижон тумани ҳокимлигининг ўрта бўғин ходимларидан бири, ўзини кам таъминланган ҳисоблайдиган аёл Озодликка шундай иддао билан мурожаат қилди.
Аммо, Андижон тумани хотин-қизлар қўмитасининг бошлиғи бу иддаони рад этди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликка "Андижон туманида шакллантирилган рўйхатга кам таъминланмаган хотин-қизлар ҳам киритилганлиги ҳақидаги мурожаатлар келиб тушмаган"ини билдирар экан, айни пайтда рўйхат ўрганилаётганини маълум қилди.
Рўйхат
Жазога тортилишидан қўрқиб исмини очиқламасликни сўраган ҳокимлик мулозими ҳокимлик вакиллари томонидан тузилган рўйхатдаги 20 аёлдан камида 5 нафари моддий жиҳатдан ўзига тўқ оилалардан эканини билдирди:
"Улардан бири Ёрбоши маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар бўйича мутахассиси, иккинчиси уйини боғча қилган тадбиркорнинг қизи, учинчиси туман ҳокимлигига бош ҳисобчи бўлган шахс укасининг хотини ва яна бири эса қўш-қўш машинаси ва уйлари бор қўшма корхонада ишлайдиган шахснинг фуқаровий хотинидир. Буларга кам таъминланганлар учун қурилаётган уйлардан квартира бериладиган бўлган. Ҳатто, баъзиларига бошланғич тўловларини "Маҳалла" жамғармаси ҳисобидан тўлашган".
Ўзини ёрдамга ўта муҳтож эканини айтган икки фарзандли ёлғиз она эса уч йилдан буён рўйхатга кира олмаётганидан шикоят қилди:
"Иккита мол боқиб, бошланғич бадал пулини тўплаган эдим. Пулни банк ҳисобига қўйдим. Лекин мана уч йил бўладики, мени рўйхатга киритишгани йўқ. Лекин, таниш-билиши борлар, арзон уйлардан олаяпти, деган гапларни эшитиб хафа бўлаяпман. Таниш-билишчилик бўлиб кетаяпти бу ёғи".
Инкор
Андижон тумани хотин-қизлар қўмитасининг раиси Нодира Зокирова уй-жойга муҳтож аёллар рўйхатини тузишда "таниш-билишчилик" бўлаётгани, рўйхатга кам таъминланмаган хотин-қизлар ҳам киритилаётгани ҳақидаги иддаоларни инкор этди:
"Бу айбловлар асоссиз. Рўйхатга киритилган аёлларнинг барчаси кам таъминланган ва бир неча фарзанди бор ёлғиз оналардир. Рўйхатни маҳалла фуқаролар йиғинлари тавсияси билан ва текширувлардан кейин тузганмиз. Айни шу масалада бир ойдан буён текширувлар кетаяпти".
Прокуратура ўрганмоқда
Ўзбекистон бош прокуратураси Озодлик сўровига жавоб бераркан прокуратурага "Андижон туманида шакллантирилган рўйхатга кам таъминланмаган хотин-қизлар ҳам киритилганлиги ҳақидаги мурожаатлар келиб тушмаган", дея маълум қилди.
Ўзбекистон президентининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил, 2 февралда қабул қилинган ПФ-5325 Фармонига мувофиқ, мамлакатда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбияланаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби ишлаб чиқилган.
Бош прокуратура матбуот хизмати бошланғич бадал тўловлари “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси билан тузиладиган шартномалар асосида “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига тўланиши белгиланганини билдирди.
"Ҳозирда, Андижон туман ҳокимлиги томонидан шакллантирилган рўйхатдаги хотин-қизларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.04.2018 йилдаги 285-сонли қароридаги ижтимоий мезонларга лойиқ ёки нолойиқлиги ҳамда рўйхатни шакллантиришда қонунчиликда белгиланган тартибга амал қилинганлиги Андижон туман прокуратураси томонидан ўрганилмоқда," дея маълум қилди Бош прокуратура Матбуот хизмати.