Қирғизистон пойтахти Бишкекда 15 декабрь куни ўзбек-қирғиз давлат чегараси делимитацияси ва демаркацияси масалалари бўйича икки давлат ҳукумат делегацияларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, “томонлар ҳукумат делегацияларининг коронавирус пандемияси туфайли секинлашиб қолган ишларини фаоллаштириш зарурлиги” юзасидан ҳамфикр эканларини билдирганлар.
Учрашув чоғида томонлар чегара делимитацияси ва демаркацияси масалалари бўйича фикр алмашганлар, топографик ишчи гуруҳларнинг келажакдаги ишлари ҳамда чегараолди ҳудудларида яшайдиган фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилганлар.
Мажлисдан сўнг ҳукумат делегациялари якуний баённома имзолаганлар ва кейинги йиғилишни Ўзбекистон ҳудудида ўтказишга келишиб олганлар.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара 1378 километрга узанган бўлиб, бундан 1170 километри (85 фоиз) делимитация қилинган. Аввалроқ чегаранинг қолган участкалари бўйича ҳам келишувга эришилгани ҳақида хабар қилинганди.