UzAuto Motors ширкати янги автомобилларни етказиб беришда “шапка” тизими қайта тиклангани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларга муносабат билдираркан, “турнақатор навбатлар”ни пандемия оқибатлари билан боғлади.
Ширкат матбуот хизматига кўра, глобал инқироз даврида “бутун дунё бўйлаб автомобилсозлик саноати яримўтказгичлар танқислиги билан боғлиқ қийин даврларни бошдан кечирмоқда”. Микрочипларнинг глобал танқислиги бир қатор йирик автомобилсозлик корхоналарида ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтатишга олиб келди.
Ширкат хабарномасида қайд этилишича, UzAuto Motors АЖ ушбу муаммонинг салбий оқибатларини минималлаштиришга муваффақ бўлиб, заводларнинг тўлиқ тўхтаб қолишига йўл қўймаган. Бироқ кўпчилик ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин пасайишига гувоҳ бўлмоқда ва бу ўз навбатида янги транспорт воситаларини етказиб бериш муддатини узайишига сабаб бўлмоқда.
“Юзага келган ҳолатдан фойдаланиб, баъзи бир виждонсиз бўлган субъектлар томонидан спекулятив вазиятлар ва ноқонуний ҳаракатлар содир этилмоқда ҳамда бунга қарши "Ўзавтосаноат" АЖ фаол кураш олиб бормоқда”, дейилган хабарномада жамоатчилик товламачилик ҳақида хабар бериш орқали ҳуқуқбузарларга қаршилик кўрсатиш дастурига ўз ҳиссасини қўшилишга чақирилган. Ширкат автомобиль сотиб олишда коррупция ҳолатларига дуч келганларга UzAuto Motors АЖнинг мижозлар билан ишлаш маркази ёки Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилишни тавсия этган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни сотиб олишда "шапка" тизими қайта тиклангани, мижозлар ўртада турган кишиларга 500 доллардан 2000 долларгача қўшимча пул тўлашга мажбур бўлаётганлари ҳақида маълумотлар тарқаган эди.