“Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда “махсус буюртма” асосида турли бўҳтон ва асоссиз хабарларнинг тарқатиб борилаётганлиги нафақат миллий бренднинг нуфузига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда”. Бу иддао UzAuto Motors АЖ юридик департаменти директори Рустам Шаймардоновга тегишли.
Мулозим 29 декабрь куни UzAuto Motors сайтида ёйинланган ўз мақоласида бундай хабарлар тарқалиши жорий йилнинг август-сентябр ойларида ширкат кунлик тушумини қарийб 30-40 миллиард сўмга кескин камайишига ёхуд жорий йилнинг август-сентябр ойларида белгиланган режани 562 миллиард сўмга кам бажарилишига сабаб бўлганини даъво қилган.
“Бундай йўқотишлар албатта Жамиятнинг мазкур тушумларга мутаносиб равишда давлат бюджетига солиқ ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлашига тўсқинлик қилган”, дея қайд этган UzAuto Motors вакили.
Мақола муаллифи бу хабарлар автосаноат соҳасининг инвестиция жозибардорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганини иддао қилган.
“Учинчидан, хорижий ҳамкорлар билан Жамиятнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, заводнинг техник жиҳозларини модернизация қилиш ва айланма маблағларини кўпайтириш борасидаги 150 миллион евро миқдоридаги келишувини кечикишига ҳам айнан шундай хабарлар сабаб бўлган”, деб ёзган Рустам Шаймардонов.
Аввалроқ Р. Шаймардонов Монополияга қарши курашиш қўмитасини оммавий ахборот воситаларига босим ўтказаётганликда айблаганди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар маъмурий судининг апелляция инстанцияси 18 декабрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан UzAuto Motors иши бўйича аввалги суд қарори устидан киритилган апелляция шикоятини кўриб чиқиб, биринчи инстанция судининг 2020 йил 30 октябридаги қарорини ўзгаришсиз қолдириб, қўмита апелляция шикоятини қаноатлантирмаган эди.
Аввалроқ Озодлик Тошкент шаҳар маъмурий суди 30 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг UzAuto Motors иши бўйича шу йил 19 августида чиқарган қарорини ҳақиқий эмас, деб топгани ҳақида хабар қилган эди. Аксилмонополия қўмитаси мазкур қарор устидан 18 ноябрь куни аппеляция шикояти киритган.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг UzAuto Motors эътирозига сабаб бўлган қарорига мувофиқ, ширкат енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларини ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирган. Қўмита комиссияси ўз қарори билан UzAuto Motors зиммасига енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни (ҳар бир автомобилдан камида 3 млн сўмдан) истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаган. Бундан норози бўлган UzAuto Motors судга мурожаат қилиб, маҳкамада ютиб чиққанди.
Ҳар иккала маҳкама жараёни Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларида фаол ёритилган ва ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.