Тадбиркорлар болалар спорти жамғармасига пул ўтказишга мажбурланяпти

"Навбаҳор" стадитони реконструкциясига ҳам тадбиркорлардан мажбурий хайрия сўралган эди

Озодликка мурожаат қилган Андижон вилоятидаги Асака тумани тадбиркорларининг айтишларича, улар болалар спортини ривожлантириш жамғармасига пул маблағи ўтказишга мажбурланяпти. Тадбиркорлар сўзларига кўра, солиқ инспекцияси ходимлари ҳар бир хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарларидан, бозорлардаги савдогарлардан маълум миқдордаги суммани жамғарма ҳисоб рақамига банк орқали ўтказишни талаб қилмоқда. Ҳокимлик мулозимлари эса пул ўтказиш ихтиёрий бўлаётганини айтмоқда.

Асака туманида тадбиркорлик қилаётган Рашиджон(исми шарифи ўзгартирилган – таҳририят)нинг Озодликка ёзишича тадбиркорлар навбатдаги хайрия фондига пул ўтказишга мажбурланяпти:

“Менинг ҳам каттагина дўконим бор. Солиқчилар тадбиркорларни болалар спортига ҳомийлик қилгин деб, мажбурлаяпти. Мен ҳам ҳозиргина банкка бориб 200 минг сўм ўтказиб келдим. Агар шуни ўтказмасам, солиқчилар сени устингдан шикоят тушди деб, кун бермайди. Шунинг учун тинчгина ўтказиб қўя қолдим”, дейди Рашиджон.

Рашиджон жамғармага ўтказилган пул квитанциясини ҳам илова қилди.​

Болалар жамғармаси фондига пул ўтказилгани ҳақидаги банк тўлови қоғози

Исми сир қолишини сўраган асакалик бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, ҳеч қайси бир тадбиркор бу йиғди-йиғдидан четда қолмаган:

“Ҳатто бозордаги тадбиркорларга ҳам 15 минг сўмдан 500 минг сўмгача болалар спортига ўтказиб беринглар деяпти. Вилоят ҳокими солиқчиларга буйруқ берган экан. Вилоят бўйича 470 миллион сўм йиғиб бериш керак экан. Шунга солиқчилар кучи етмаганга илтимос, кучи етганга мажбуран қилиб пул ўтказдиряпти”, деди тадбиркор.

Тадбиркорнинг айтишича, болалар спорти жамғармасига пул ўтказиш ихтиёрий-мажбурий тарзда амалга ошириляпти:

“Аслида бундай жамғармаларга пул ўтказиш ихтиёрий бўлиши керак. Лекин бизда бунинг мажбурий эканлигини ҳамма англаб етган. Агар сиз шу пулни ўтказмасангиз, демак сиз ҳокимга, солиқчиларга қарши шахс бўлиб қоласиз ва улар сизнинг фаолиятингиздан камчилик ахтара бошлайди. Шунинг учун тадбиркорлар, “ҳа ўлсин, шу пулни бериб қўя қолиб, ортиқча ғалвадан қутулай”, дейди. Газеталарга мажбурий обуна қилдиришнику айтмай қўя қолай”, деди тадбиркор.

Асака тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, болалар спорти жамғармасига пул ўтказилаётганини тасдиқлар экан, бу тадбир мутлақо ихтиёрий тарзда амалга ошириляпти, деди:

“Ҳеч ким тадбиркорларни мажбурлагани йўқ. Уларга ким қанча имкони бўлса ўтказиб берсин, дейилган. Болалар спорти ривожлантиришга ҳисса қўшса нима қипти, ўзларини болалари ҳам ўша пулга қуриладиган объектларга бориб ўйнайдику”, деди мулозим.

Республика болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Андижон вилояти бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимининг айтишича, айни пайтда 2017 йилда болалар спортини ривожлантиришга кетадиган сарф-харажатлар шакллантириляпти:

“Ҳозир вилоятда болалар спорти объектларини қурилишига ҳомийлик бошланяпти. Бу йил вилоятда 20 ортиқ спорт иншоотлари қуриш режалаштирилган. Албатта, ҳомийлик кенгашлари бу қурилишларни юз фоиз таъминлай олмайди. Бизнинг ҳомийлик маблағларимиз қурилишлар учун бюджетдан ажратилган маблағларни 15-20 фоизини қоплашга қаратилган”, деди мулозим.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси 2012 йилнинг 31 октябрида Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов фармони билан тузилган эди.

Ўзбекистонда тадбиркорлар турли хил хайрия жамғармаларига, жумладан, болалар спортини ривожлантириш фондига бир неча йиллардан буён пул ўтказишга мажбурланётганидан шикоят қилиб келадилар.