Наманган вилоят, Тўрақўрғон тумани газ таъминоти идорасининг бир гуруҳ мулозим ва ишчилари 8 май куни Порлоқ қишлоғига тортилган газ қувурларини кесишга киришганда, қишлоқ аҳолиси норозилик билдириб усталар билан жанжал қилди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, газ идораси раҳбарлари қаршилик билдирганларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилган, лекин одамлар барибир қувурларни кесиб олиб кетгани йўл қўймаган. Расмийлар, бу ҳолатни газ етказиб беролмаётгани билан изоҳламоқда.
Тўрақўрғон туманининг Порлоқ қишлоғида аҳоли ва газ идораси ишчилари билан бўлган жанжал ҳақида шу қишлоқда яшайдиганлардан бири Озодликка хабар қилди:
“Кеча, 8 май куни бир гуруҳ газчилар қишлоққа келиб, ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан газ қувурларини кесишни бошлади. Одамлар чиқиб, “ҳой нега кесяпсизлар, бундан газ келадику”, деса, “сизларнинг ишингиз бўлмасин, бу ҳокимнинг қарори, бошқа бу қишлоққа газ берилмайди”, дейишди. Кейин одамлар кўпайиб, ўртада катта жанжал бўлди ва ахийри усталар кесишни тўхтатиб, қайтиб кетишди”, деб ёзди тўрақўрғонликлардан бири.
Порлоқ қишлоғида истиқомат қиладиган одамлардан бири 9 май куни Озодликка бу ҳақда гапирар экан, газчилар билан аҳоли ўртасида қаттиқ жанжал бўлганини айтди:
- Аёллар, қизлар, эркаклар, чамаси 50 кишидан зиёд одам чиқиб, қувурларни кесманглар, деб талаб қилишди. Лекин газчиларнинг Ботир исмли бир раҳбари бор экан, уятли сўзлар билан маҳалламиз котибини сўкди. Мен чидаб туролмай порталга арз қиламан десам, “хоҳлаган жойингга бор, бу ҳокимнинг қарори, барибир кесамиз”, деди. Лекин, халқ бўш келмади, кесгани қўймади. Қувурларни беш жойидан кесган экан, кейин ташлаб кетишди. Биз ўзимиз яна пайвандчи топиб, қувурларни жойига улаб чиқдик, деди порлоқлик бу одам.
Суҳбатдош, маҳаллада 30 дан ортиқ оила газдан фойдаланишини ва барча тўловларни ҳисоблагич бўйича ўз вақтида тўлаб келганини айтади:
- Бу газ қувурларига 21 йил бўлди. Ўша пайтда биров молини, биров товуғини сотиб, халқнинг пулига бу қувурлар тортилган эди. Газ босими пастлиги сабаб, қишлоқдаги баъзи хонадонлар ортиқча пул тўламайлик деб, ўзларининг ихтиёри билан газларини узишган. Лекин 30 хонадонда газ ёнарди. Энди эса шундан ҳам маҳрум қилишмоқчи. Кўпчилик ипак қурти боқилаётган уйларни газда иситяпти, дейди суҳбатдош.
Тўрақўрғон тумани газ таъминоти идорасининг эксплуатация бўлими бошлиғи Эргашали Ғиёсов, аҳолининг норозилигидан сўнг қувурларни кесиш ишлари тўхтатилганини тасдиқлади:
- Биз халққа газ етказиб беролмаяпмиз. Ҳисоблагичдан олган газимиз трубани ичида қаерлардадир йўқ бўлиб кетяпти. Туман марказидан 5-6 километрдан наридаги қишлоқларнинг газ қувурларини бир бошдан узяпмиз. Газ кам бўлгани учун сўрғич қўйиб тортиб олишяпти ва бунинг ортидан кўнгилсиз воқеалар ҳам содир бўляпти. Шунинг учун уларни узиб, баллонли газга ўтказиш тўғрисида вилоят ҳокими ва “Ўзтрансгаз”нинг буйруғи бор, деди Тўрақўрғон тумани газ таъминоти идорасининг экплуатация бўлими бошлиғи Эргашали Ғиёсов.
Ўзбекистонда газ ва электр энергияси тақчиллиги боис, аҳолининг у ёки бу шаклда норозилик билдириш ҳолатлари баъзан кузатилиб турилади.
Бу норозилик намойишларида, асосан, хотин-қизлар иштирок этади.
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Тошкент-Термиз автомагистрали яқинидаги қишлоқларда яшайдиган қарийб 200 нафар аёл ўтган йилнинг 24 ноябрь куни автомобиль йўлини тўсган эди. Газ ва электр йўқлигидан шикоят қилган аёллар бир соат давомида йўлнинг икки томонини беркитиб, масъул амалдорлардан бу муаммони ҳал қилиб беришни талаб қилган.
2013 йилнинг 5 ноябрида Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзеси Хўжасоат маҳалласининг юзга яқин аҳолиси мавзедан ўтадиган автомобил йўлини тўсиб, уч кун электр энергияси ва газ берилмаганига қарши ўз норозилигини шу тарзда ифода этган эди.
Жумладан, 2012 йилнинг 17 декабрида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Самарқанд маҳалласида истиқомат қиладиган юзга яқин аёл17декабр куни эрталаб автомобилларнинг эски шиналарини Тошкент-Самарқанд автомагистралига думалатиб, йўлни тўсган эдилар.