Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Тошкентда президент Шавкат мирзиёев билан учрашувдан сўнг ўтган брифингда Қозоғистонйил сайин Ўзбекистонни 1 миллион тонна атрофида нефть хом ашёси билан таъминлашга тайёр эканини билдирди.
Назарбоев газ ва нефть соҳасидаги ҳамкорликни истиқболли йўналиш деб атади
"Нефть соҳасида Ўзбекистон хом нефть билан таъминланишдан манфаатдор. Биз Россия билан бу масалани кўриб чиқаяпмиз ва бу масалани босқичма-босқич ҳамкорликда ҳал қиламиз. Биз, шунингдек, учта нефтни қайта ишлаш заводининг реконструкциясини якунлаяпмиз. Бунинг ортидан Ўзбекистонга 1 миллион тоннагача бўлган миқдорда нефть етказиб бериш имконияти пайдо бўлмоқда”, деб билдирган Назарбоев брифинг чоғида.
"Sputnik" нашрининг билдиришича, Қозоғистон президенти Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг яна бир истиқболли тармоғи газ соҳаси эканини айтди.
"Биз ҳукуматларга ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда янги газ лоийҳаларини ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма бердик”, деди Назарбоев.
Шавкат Мирзиёевнинг апрель ойида Москвага қилган давлат ташрифи чоғида Россиядан Ўзбекистонга йилига 500 минг тонна нефть етказиб берилиши тўғрисидаги меморандум имзоланган эди.
Бу нефтни Ўзбекистонга Қозоғистондан ўтадиган қувур орқали етказиб берилиши назарда тутилган.
Назарбоевни шахсан Мирзиёев кутиб олди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 16 сентябрь куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди.
Мирзиёев аэропортга чиқиб, Назарбоевни шахсан ўзи кутиб олди. Бу Қозоғистон раҳбарининг Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан буён Ўзбекистонга иккинчи ташрифидир.
Учрашув Байтқўрғонда эмас, Кўксаройда ўтди
Назарбоев Мирзиёевнинг Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Байтқўрғон қишлоғидаги янги қароргоҳида кутиб олиниши режалангани айтилган эди.
Бироқ ЎзА хабарларига кўра, Мирзиёев билан Назарбоев музокаралари марҳум президент Ислом Каримов ишлаган Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган.
Назарбоев Ислом Каримовни “йўқлади”
Назарбоев Тошкентга ташрифи доирасида Оқсарой олдига ўрнатилган марҳум президент Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди.
Шунингдек, шаҳардаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларини зиёрат қилиб, ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.
Мирзиёев қозоқ ҳамкасбини орден билан сийлади
Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевни «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлади.
«Казинформ»агентлигига кўра, Мирзиёев Назарбоевни икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш ҳамда кенгайтиришга қўшган ҳиссаси учун ушбу орден билан тақдирлаган.
Ўндан зиёд ҳужжат имзоланди
Расмий хабарга кўра, Кўксаройдаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигининг турли соҳаларига доир 10 дан зиёд ҳужжат имзоланган.
Жумладан, давлат чегаралари ўтказиш пунктлари ва автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва модернизациялаш ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича йўл харитаси, сувга оид муносабатлар соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитаси, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси билан Қозоғистон Молия вазирлиги ўртасида контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисида битимлар, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти билан "Қазақстан темир жоли" Миллий компанияси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида битим каби бир қанча ҳужжатлар имзоланган.
“Ўзбек-қозоқ чегарасидаги вазият яхшиланиши учун 2-3 йил керак”
Остонадаги Евроосиë иқтисодиëт университети доценти Сапарбой Жубаев Озодлик билан суҳбатда икки давлат муносабатларини янада яхшилаш учун имкониятлари етарли эканлигини таъкидлади.
Суҳбатдош ўзбек-қозоқ чегарасидаги муаммоларга эътибор қаратар экан, бу муаммолар барҳам топиши учун яна 2-3 йил зарурлигини айтади.
- Чегарадан ўтиш вақтида муаммолар жуда кўп. Асосан, машина билан ўтиш масалалари анча мураккаб. Бу Россия билан Қозоғистон ўртасидаги чегара сингари бўлса жуда яхши бўларди. Биз учун Россияга бориб келиш ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Лекин Ўзбекистонга бориш учун машинани ташлаб пиёда ўтамиз. Буни ҳал қилиш учун, агар Ўзбекистон бошқарувидагилар астойдил ҳаракат қилса, 2-3 йилда яхши натижа бериши мумкин. Лекин ҳозир бирданига қийин, - дейди Сапарбой Жубаев.
Жубаев билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Қозоғистонда 2018 йил Ўзбекистон йили деб эълон қилинди
Бу ҳақда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи пайти маълум қилинди.
Қозоқ расмий матбуотига кўра, Ўзбекистон йили доирасида Қозоғистонда ўзбек рассомлари кўргазмалари ташкил қилинади, халқ усталари ҳунармандлик ярмаркаларида иштирок этишади, мусиқа ва театр жамоаларининг гастроллари уюштирилади.
Ўз навбатида 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилиши маълум қилинди.