Санкт-Петербургда 7 яшар қизалоққа жинсий тажовуз қилганликда айбланган ўзбек ватандоши судда оқланди. 32 яшар самарқандлик меҳнат муҳожири болалар боғчаси ҳудудида вояга етмаган болага нисбатан жинсий тажовуз қилганликда ноҳақ гумонланиб, бир йил қамоқда ўтирганини Озодликка унинг таржимони сўзлаб берди.
Санкт-Петербург шаҳар Смолний туман суди судяси А.Тяжлова 1985 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Фозил А. исмли (айрим сабабларга кўра, исм ўзгартирилган.-таҳр.) ўзбек муҳожирини суд залида озод қилди.
Ўта оғир саналган “вояга етмаганга нисбатан жинсий тажовузда” айбланаётган бу йигит бундан бир йил олдин ўзи ишлаб келган болалар боғчасида маҳаллийлар томонидан айбланиб, қўлга олинган эди.
Смолний туман суди матбуот хизматида Фозил А. исмли Ўзбекистон ватандошига нисбатан қўйилган айбловлар суд жараёнида ўз исботини топмагани ва у тўлиқ оқланганини Озодликка билдиришди.
- Фозил А.га Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 132- моддаси 4- қисми “а” банди асосида қўйилган айбловлар ўз исботини топмади ва у суд залида озод этилди. Ўзбекистон ватандошига ноқонуний жиноий жавобгарликка тортилгани юзасидан сарфланган моддий ва маънавий зарарни Россия ғазнаси ҳисобига қоплаш ҳуқуқи берилгани тушунтирилди, деди исмини айтмаган Смолний суди вакиласи.
Полиция Фозилни жинсий тажовузда айблаган эди
Россия Тергов қўмитаси Санкт-Петербург бўйича бошқармаси ўзбек муҳожирини болалар боғчаси ҳудудида уйнаб юрган 7 яшар қизчага жинсий тажовуз қилганликда айблагани тўғрисида Озодлик олдинроқ хабар берганди.
"Тергов тахминларига кўра, 2016 йилнинг 3 ноябрида айбланувчи Очаковский кўчасида жойлашган болалар боғчаси ҳудудида 7 яшар қизчага нисбатан жинсий тажовуз ҳаракатларини амалга оширди. Тергов томонидан бу ҳодиса юзасидан етарли исбот-далиллар йиғилди", деб ёзилган эди хабарда.
Полиция шаҳарнинг Марказий туманида гўё кундузги 3:30ларда содир бўлган бу ҳодисада жабрланган К.А исмли 2009 йилда туғилган қизалоқ ақлан заиф бўлгани ва бу болалар боғчаси айнан ривожланиши сустлашган болаларга мўлжалланган махсус муассаса эканини маълум қилган.
Полиция ходимлари гумонланувчи ўзбек муҳожири маст ҳолатда бўлганини ҳам айблов хулосасида акс эттирган.
Терговчилар ўзбекистонлик боғчада ўйнаб юрган болалардан бирини бутазорда тутиб олган ва "шимини ечиб, кизчага нисбатан жинсий характерга эга зўрлаш ҳаракатлари”ни амалга оширганини тергов хулосасида қайд этди.
Бу қизалоқнинг ота-онаси кўрсатмалари асосида педифилликда айбланаётган мигрант полициячилар томонидан қўлга олинган эди.
Санкт-Петербург бўйича Тергов қўмитаси ходимлари 32 яшар Ўзбекистон ватандошини Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 132- моддаси, 4- қисми, “б” банди (“жинсий характерга эга зўравон амаллар”) асосида жавобгарликка тортган эди.
“У ўзининг бетартиблиги сабаб қамалишига оз қолди”
Шу йилнинг ноябр охирларида бўлиб ўтган Петербургдаги бу шов-шувли суд жараёнида таржимон сифатида қатнашган Шуҳрат исмли Озодлик мухлиси ўтган йилнинг 3 ноябр куни болалар боғчасида аслида нима бўлганини Фозилнинг сўзларига таяниб айтиб берди.
Суҳбатдош ўзбек муҳожири ўзининг бетартиблиги туфайли жабрланди, дейди:
- Мен бир йил олдин Ўзбекистон ватандоши “жинсий тажовуз” бўйича ушланибди, деб Озодликда ўқиган эдим. Мен шу ишда таржимон бўлдим. Бу ерда судянинг хоҳиши кўп нарсани ҳал қилди, чунки прокурор 12 йил сўради! Бу йигит ўша боғчада дворник бўлган. Эр-хотин боғчага боласини олгани келган. Хотини боласини олгани ичкарига кириб кетган, эри мошинада кутиб ўтирган. Бу йигит боғча бурчагига келиб, сияётган бўлган. Боғчани олдида шунақа қилаётганига аччиғи келибми, шу ерда уни уриб ташлаган. Гувоҳлар йиғилиб, “Нимага буни уряпсан?”, деса, “Боғчадан чиқаётган боламга қараб мастурбация қилди!”, деган. Полиция чақиртиришган ва судга тортишган, дейди Шуҳрат.
Суд жараёнида Фозил муқаддам судланмагани, унинг Самарқандда 4 яшар қизчаси вояга етаётгани ва у оиласининг ягона боқувчиси экани аниқланди.
Маҳкамада таржимонлик қилган Шуҳрат ўзбек муҳожирининг бундай айблов бўйича оқланиши Россия янги тарихида биринчи маротаба кузатилаётганини ҳам билдирди.
- Бир йил ўтирди, ўтган йилнинг ноябридан тергов ва суд якунигача. Суд залида озод қилинди. Бутун Россия бўйича 0,01 фоиз бундай ишлар бўйича оқлов ҳукми чиқарилар экан! Бундай олиб қарасангиз, бу ҳукм жуда катта нарса! Жиноят иши давомида судя улашмайдиган жойларни топган. Булар “фаррош бу ишни қилди” деётган вақтда бола онаси билан боғча ичкарисида бўлган. Судя ҳақиқий экан ва унинг роли туфайли, холос, деди Шуҳрат.
Суҳбатдош озодликка чиққан самарқандлик Фозил А. яна эски ишига қайтгани ва фаррошлик қилаётганини билдирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик сўнгги йилларда “вояга етмаганга нисбатан жинсий тажовуз” да айбланиб қамалган бошқа ўзбек муҳожирлари ишлари тўғрисида хабар берганди.
Бу гумонларнинг барчаси суднинг айблов ҳукмлари билан якунлангани ва муҳожирлар кўп йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилгани эътиборга молик.