Тошкентдаги ZERO LINE галереясида ўзбек рассоми Дилора Қаипованинг "Жанубнинг Шимолга ёғдуси" кўргазмасига қўйилган чопонларда бугун "мустақил" дея улуғланаëтган мамлакат яқин ўтмишда Россия мустамлакаси бўлгани акс этган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Кўргазмага қўйилган чопон ва кашталарда "Туркистон мустамлакачилари" олиб келган рамзлар ўрин олган.
"Оқ айиқлар", "Спутник - ер йўлдоши" Максим Горький ва Пушкин тасвирлари акс этган чопонлар кўргазма куратори рассом Вячеслав Охуновга кўра¸ бу асарлар "рус-совет ишғоли қаршисига ҳушомад билан чиққанларнинг визуал тимсолидир".
Рассом Дилора Қаипованинг ўзи Озодлик билан суҳбатда ўзбек маданияти рус мустамлакаси ва Совет мафкураси остида қандай деформацияга учрагани ҳақида гапирди:
- Биз ўтмишда мустамлака бўлиб камситилганимиз ва "собиқ Совет республикаси" мақомида бўлганимиздан уяламиз. Аммо бизда бугунги кимлигимиз ҳақида аниқ билги йўқ. Ëтлар эгнидаги костюмни юлиб олиб, кийганимиз билан ўзгариб қолмаймиз. Биз ўтмишдан уялиш ўрнига ўз тараққиëт йўлимиз ва ўзликни ифода қилиш йўлларини изласак бўларди.
Ўзбекни ўтмишдан айирган устун
Кўргазмага қўйилган каштада пахта ва кийиклар қуршовида турган СССРнинг охирги раҳбари Михаил Горбачёв портрети ўрин олган.
Рассомнинг таъкидлашича, бу портрет ўтмишга сакраш учун ўзига хос трамплин вазифасини ўтайди.
- Горбачёв каштаси ўтган асрнинг 60-90 йиллардаги каштачилик имитациясидир. Каштада Горбачёв тасвири ўзига ҳос "вақт маркери" бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, Горбачёв тасвирига таяниб "бўшлиққа сакраш" мумкин. Бу сакраш ортидан сиз янги сўқмоқларни қидириб тушиб қолганингиз воқеликни танқидий тафаккур қилишга мажбур бўласиз.
Дилора Кайипованинг айтишича, кашталарда акс этган Горбачёв - унинг илҳом манбаи.
Ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистон бозорларида "Горбачёв сийпалади" деган газлама сотиларди.
"Реколонизация" фонида
Тошкентлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиев Тошкентдаги кўргазма Мирзиëев даврида бошланган "реколонизация" ("мустамлакачиликка қайтиш") фонида юз бераëтганига эътибор қаратди:
- Тошкентни босиб олишда ўлган рус босқинчи аскарлари хотирасига бундан 150 йил олдин қурилган бутхона давлат ҳисобидан таъмирланмоқда. "Россотрудничество" ташкилоти Тошкентни босиб олган генералларни улуғлаб кунора тадбирлар ўтказаëтган бир пайтда колониал ўтмишни фош қилувчи кўргазманинг ташкил қилинганини олқишлайман, дейди санъатшунос.
Турдиевга кўра¸ одамлар халқ амалий санъати воситасида янги ҳукмдорларга хушомад қилганлар:
- Музейларда сақланган халқ-амалий санъати намуналарида¸ хусусан, Хоразм аëллари таққан "осма дузи¸ манглай дузи ва кўкрак дузи" деган тақинчоқларда Николай иккинчи тасвирланган. Бундан ташқари Россия гербидаги икки бошли бургут акс этган гилам ва шолчалар тўқилган¸ дейди суҳбатдош.
Турдиевга кўра, айни анъана Совет даврида ҳам давом этди.
Хива гиламдўзлари энди Сталин¸ Маленков¸ Хрушчев ва Брежнев потретларини тўқий бошлашди.
Мустамлакачиликка таъзим қилган қумғонлар
1937 йил Хивада француз киночилари суратга олган "Пате-журнал" (Pathé-journal) да қумғон ясаëтган кандакорлар акс этади.
Қумғонда эса беш қиррали юлдуз ва унинг атрофида Сталиннинг “Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади” деган сўзлари ëзилгган.
Бу сўзларни ўша давр машҳур наққошларидан бири Ота Полвонов ëғоч устунга ўйиб ëзган.
Устун шахсга сиғиниш рамзи сифатида ҳозир ҳам Тошкент давлат Санъат музейида сақланмоқда.
Кўргазма куратори Вячеслав Охуновнинг айтишича¸ “Пахта” нақши ҳам мустамлака даврида ўйлаб топилган.
- Пахта мустамлакачилик ва унинг сиёсий иқтисодининг энг асосий қуролларидан бирига айланган эди. Пахта гулли чойнак пиëлалар ўша мустамлакачилар олиб келган пахтани улуғлаш воситаси бўлди¸ дейди суҳбатдош.
Қуролга айланган Пушкин
Кўргазмадан ўрин олган яна бир асарда рус шоири Александр Пушкин тасвирланади.
Рассом Вячеслав Охуновнинг айтишича, Пушкин Рус империясининг мустамлака ўлкаларни руслаштириш йўлидаги қуроли бўлган.
- Ҳар шаҳарда Пушкин парклари¸ Пушкин номидаги мактаблар бор. Мустамлакачилик ишғол қилинган халқларни ўз маданий тилига бўйсундириш учун Пушкинни қурол қилди.
Тошкентлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг ишонишича¸ чопон ўзбек ритуалларида хушомад вазифасини ўтайди:
- Меҳмонга чопон кийдирилади. Подшолар ўз итоатли қулларига тўн совға қилганлар. Одамлар эгнидаги тўни уларнинг қайси табақага оидлигидан ҳабар берган. Жамият одам ақл-заковати эмас, балки тўнига қараб баҳо берган. Дилора Каипова худди шу чопонларни колониал ўтмишга кўзгу каби тутди¸ дейди санъатшунос.
Дилора йўли
Рассом Дилора Қаипова Тошкентда туғилди.
Беньков номли рассомлик билим юртининг бадиий графика бўлимини тугатди.
Сўнгра Муқимий номли мусиқали театрда рассом бўлиб ишлади.
Дилора Қаипова ижодига Ўзбекистон ташқарисида қизиқиш катта.
Унинг асарлари чет элдаги хусусий колекционерлар тарафидан сотиб олинган.
Рассомнинг ўтган ой Тошкентда ташкиллаштирган "Captain Ikat"кўргазмасида тақдим қилган ўзбек чопонларида "Бэтман", "Арвоҳ " каби ғарб комикслари қаҳрамонлари ўрин олганди.
Мазкур комикслар қаҳрамонлари ҳам ўзгараётган ўзбек зеҳниятига ишора қилади.