Россия ҳукумати Ўзбекистон сўрови билан халқаро қидирувга берилган 38 яшар Абдуманнон Жумабоевни депортация қилди. Москвадаги “Ёрдам” ташкилоти Украинада доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган қочқин Европа суди қарорига қарамасдан Ўзбекистонга жўнатилди, демоқда. Яқинлари эса Жумабоевнинг қаерда эканини билолмаётганини айтмоқда.
Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш марказида ушлаб турилган асли шаҳрихонлик 38 яшар Абдуманнон Жумабоев 29 июн куни Ўзбекистонга депортация қилинди.
Уни ҳимоя қилиб келган Россиядаги “Ёрдам” ташкилоти раиси Баҳром Ҳамроев миграция хизмати, бу ўзбекистонликка нисбатан Европа судининг бериб юбормаслик тўғрисидаги 39-қарори қўлланилганига қарамасдан, махфий равишда бадарға қилинди, демоқда.
- Аслида уни депортация қилиш баҳонасида экстрадиция қилишди. У Брянск шаҳар депортация марказида 28 куни ўтирган эди. 29 июн куни Европа Суди уни Ўзбекистонга бериб юбормаслик ҳақида қарор чиқарган. Аммо, Россия халқаро қонунларга амал қилмасдан уни Ўзбекистонга бериб юборди. Ҳозир Абдуманнон Жумабоевнинг қаерда эканини ҳеч ким билмайди, деди Баҳром Ҳамроев.
“Ёрдам” ташкилоти раҳбари Абдуманноннинг Россия ҳукумати номига қочқинлик сўраб берган аризаси ҳам қўпол тарзда инкор этилган ва кўриб чиқилмаган.
Озодлик сўровига жавобан Брянск шаҳар Хорижликларни сақлаш маркази Абдуманнон Жумабоев 29 июн куни Ўзбекистонга депортация қилинганини тасдиқлади, аммо бошқа саволларга жавоб бермади.
Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси ва бошқа идораларга расман мурожаат қилган "Ёрдам" ташкилоти раҳбари Жумабоевнинг кейинги тақдири борасида маълумот ололмаганини айтмоқда.
- Депортация маркази менга Москва-Урганч самолётида учиб кетгани борасида билет нусхасини кўрсатди. “Биз Европа қонунларига амал қилмаймиз!” деб очиқчасига берилган жавобни мен биринчи маротаба эшитдим. Бу йигитни Россия Бош прокуратураси текшириб, озод қилган эди. У 3 кун ичида Россиядан чиқиб кетиши керак эди. Мана энди дом-дараксиз йўқ, деди Баҳром Ҳамроев.
Ҳуқуқ фаоли Абдуманнон Жумабоев иши юзасидан барча халқаро инсон ҳақлари ташкилотларига мурожаат қилишини билдирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Асли шаҳрихонлик, аммо ҳозирда Украинада қочқинлик мақомини олган Абдуманнон Жумабоев 2017 йилнинг апрел ойи бошларида Львов шаҳридан Санкт-Петербургга шахсий иш - петербурглик тадбиркорлардан бири унга бермаган иш ҳақини олиш мақсадида келган.
Шу йилнинг 15 апрелида Абдуманнон Жумабоев Россия махфий хизматлари томонидан ижарада турган квартирада ҳибсга олинган.
Россия Бош прокуратураси олиб борган текширув натижасида ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари босими остида Петербург шаҳри Фрунзе туман судининг 2017 йил 17 майидаги қарори билан андижонлик муҳожирга қўйилган даъволар бекор қилинган ва унинг Украинага чиқишига рухсат берилган эди.
18 май куни Москва-Львов поездида Россиядан чиқиб кетаётган Абдуманнон Жумабоев рус чегарачилари томонидан поезддан туширилди ва яна бир бор маъмурий жавобгарликка тортилди.
Брянск шаҳар суди қарорида ўзбек қочқини “Россия ҳудудида миграция қонунларини бузган”, деб қайд этилган ва уни Ўзбекистонга бадарға қилиш тўғрисида ҳукм чиқарилганини Озодлик хабар қилган эди.
Ҳимоячисининг айтишича, Жумабоев Ўзбекистон хавфсизлик хизмати томонидан “диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда” гумон қилиниб, қидирувга берилган.