Тошкент милицияси пойтахтда 25 кун давомида ўтказган "Тозалаш-Антитеррор" тадбирида жами 461 жиноят фош этилди. Жумладан, қурол сақлаган икки киши ушланган. Шунингдек, қидирувда бўлган 152 одам ушланиб, 200га яқин фоҳиша қўлга олинган.
Тошкент шаҳар ИИБ ходимлари томонидан жорий йил 20 ноябридан 14 декабрга қадар ўтказилган "Тозалаш-Антитеррор" тадбири натижасида 461та жиноят очилди.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайтида хабар берилди.
Расмий хабарга кўра, тадбир пайти қурол ва ўқ-дориларни қонунга хилоф равишда сақлаган икки киши қўлга олинган.
Тадбир давомида қидирувда бўлган 140 тошкентлик ва 12 нафар вилоятлик шахс қўлга олинган.
Милиция тадбир доирасида фоҳишаларга қарши рейд ўтказиб, жами 25 та фоҳишахонани аниқлаган ва фоҳишалик билан шуғулланаётган 11 тошкентлик ва 180 нафар вилоятдан келган аёлни ушлаб, уларга қарши маъмурий баённома расмийлаштирган.
Қашқадарё, Навоий, Андижон, Тошкент вилоятларидаги Жазони ижро этиш бўлимлари ҳисобида турган ва ўз манзилида яшаши лозим бўлган 11 нафар маҳкум Тошкентда юргани аниқланган.
Тадбир натижасида аҳлоқ тузатиш ишларидан қочиб юрган 31 киши Жазони ижро этиш колониясига жўнатилган, 250 киши маъмурий назоратга олинган, 157 киши руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволанишга ётқизилган ва алкоголга ружу қўйган 116 киши мажбурий даволанишга жўнатилган.
Тадбир пайти пойтахтга ўз юмуши билан келган вилоятликлар ҳам ушлаб олиб кетилгани ҳам хабар қилинганди. Бу ҳақда Озодликка ана шундай тадбир жабрланувчиси бўлган водийлик тадбиркорлардан бири шикоят қилиб, қарийб 20 нафар ана шундай “исталмаган” меҳмонлар, ички ишлар бўлимида бармоқ изи олинганидан сўнг қўйиб юборилганини сўзлаб берган.
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг матбуот хизмати раҳбари Азиз Тешабоев бундай тадбирлар хавфсизлик нуқтаи назаридан олиб борилаётганини айтар экан, паспорти ёнида бўлган фуқаролар ушланмаслигини таъкидлаганди Озодликка 14 декабрь куни:
- Агар фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди, у қўйворилади. Қилинаётган бу ишлар фуқароларимизни хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга ошириляпти. Агар паспорти бўла туриб ушлаб кетилган фуқаро бўлса, бизга мурожаат қилсин, деган эди Азиз Тешабоев.
Ўтказилган тадбир пайти жами 22 756 нафар шахсга нисбатан паспорт-виза тартиботини бузганликлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган бўлиб, шулардан 159 нафари муқаддам судланганлар экани айтилган расмий хабарда.
Бошқа вилоятлардан келиб, Тошкент шаҳрида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаб келганларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Амалдаги тартибга кўра, Тошкент шаҳрига бошқа вилоятдан келган ватандош уч кун ичида вақтинчалик рўйхатга туриши шарт.
Ҳар йили байрамлар олдидан Тошкентда "Тозалаш-Антитеррор" тадбири ўтказилиб, доимий ёки вақтинча пропискада турмаган юзлаб ватандошлар жаримага тортилади, мардикорлар ёппасига ушланиб пойтахтдан чиқариб юборилади.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Совет давридан қолган прописка тизими Ўзбекистон мустақилликка эришгач, нафақат бекор қилинмагани, балки фавқулодда кучайтирилганини, мамлакат Конституциясининг 28- моддасида белгилаб қўйилган бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида бонг уриб келадилар.