Туркиядаги муҳожиратдан ватанига қайтгач Тошкент аэропортида ушланиб, 27 сентябрда Тоштурмага қамалган ëзувчи Нурулло Отахоновнинг ҳамкасблари унинг ҳимоясига ўз баёнотларини эълон қилмоқда. Нурулло Отахонов президент Мирзиёевнинг “четдаги ватандошлар Ўзбекистонга қайтсин” деган чақириғидан руҳланиб¸ Ўзбекистонга биринчи бўлиб қайтган ва қайтиши биланоқ ҳибсга олинган илк таниқли шахсдир. Ушбу жонли блог орқали Нурулло Отахоновнинг тақдирига оид тафсилотлар ёритиб борилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Фейсбукда ёзувчи ҳимояси учун акциялар
Тўрт кундан буён ҳибсда қолаётган ёзувчи Нурулло Отахонов ҳимоясига Фейсбук тармоғида бир қанча акциялар ташкил қилинди. Бир пайтнинг ўзида бир қанча саҳифада ёзувчининг озод қилиниши талаби билан президент Мирзиёевга йўлланган очиқ хатларга имзо тўпланмоқда:
Шунингдек, Нурулло Отахонов ҳимоясига махсус саҳифа ташкил қилинди. "Nurulloh Muhammad Raufxonga OZODLIK" деб номланган ушбу саҳифага адиблар, фаоллар, ёзувчини таниган-билганлар ва унинг муштарийлари адиб ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб, унинг озодлигини талаб қилишмоқда:
Хуршид Даврон: Ишончни ўлдирманглар!
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон Facebook тармоғи орқали Нурулло Отахоновнинг ҳибсга олинишига муносабат билдириб, ёзувчининг ҳибсга олиниши одамларда уйғонаётган ишончларни қатағон этиши ҳақида ёзди:
"Нуриллоҳ Муҳаммад Рауфхон ўз асарини юртига ёмонлик тилаб эмас, яхшилик тилаб ёзган эди. Шахсан менинг асардаги айрим ўринларга эътирозим бор бўлса-да, унинг умумий руҳини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Ёзувчининг юртига қайтиб келгани унинг бугунги бўлаётган айрим ўзгаришларга ишончини билдирса, унинг қамоққа олиниши минглаб одамларда пайдо бўлаётган ана шундай ишончни қатағон этади. Мен Нурилло Отахонни эртага албатта озод бўлишига ишонаман. Ана шундай ишонч мендан бошқа одамларда борлигиниям яхши биламан. Бу ишончни ўлдирманглар!"
Мурод Муҳаммад Дўст: Ёзувчининг қайтиши биз учун имтиҳон эди
Айни пайтда таниқли прозаик¸ собиқ давлат арбоби Мурод Муҳаммад Дўст ўзининг facebookдаги саҳифасида Нурулло Отахоновни “миллат равнақини ўйлайдиган яхши ёзувчи”, дея атаб¸ уни озод қилишга чақирди:
- У бугунги ҳокимият бошлаган ислоҳларга ишониб, ўз ихтиёри билан ватанга қайтди. Аслида унинг қайтиши биз учун имтиҳон эди. Имтиҳон саволига берган биринчи жавобимиз ҳаво лиманида ёзувчи қўлларига кишан солиш бўлди. Мелиса билан судга ишонч кам, ушла деса ушлайди, қама деса қамайди. Нурилло Отахонни ҳибсга олиш Ўзбекистонга обрў келтирмайди. Шу ҳақиқатни яхши англайдиган, турли шов-шув ва бошқа машмашалар урчиб кетмасидан ёзувчини озод қилишга қурби етадиган фаросатли арбоб топилади, деб ишонамиз¸ деб ёзди адиб.
Тўрахўжаева: "Бу кунлар"- бугун энг кўп ўқилаётган китоб
Ўзбекистонлик тилшунос, филолог Шаҳноза Тўрахўжаева Отахоновнинг ҳибсга олиниши ортидан унинг тақиқланган "Бу кунлар" китоби энг кўп ўқилаётган асарга айлангани ҳақида ёзди:
"Шу кунгача ўқимаган “Бу кунлар”ни ўқиб чиқдим (бугун энг кўп ўқилаётган китоб шу бўлса керак). Очиғи, асарда мен қўшилмайдиган ўринлар кўп, лекин бир версия сифатида яшашга ҳақли деб ҳисоблайман. Мен “рўмон”да экстремистик ғояларни кўрмадим, аммо “инакомыслие» бор, яъни бошқача ўйлаш. Айни кунда ўша Дин ишлари бўйича қўмитанинг эксперт хулосаси эълон қилиниши ва асар очиқ полемикага қўйилиши керак. Шаффоф таҳлил жараёнида ҳаммаси ойдинлашади. Биз ўрта асрлар инквизицияси даврида эмас, 21-асрда яшаяпмиз. Ёзувчини асари учун ҳибс қилиш ривожланган жамиятга муносиб иш эмас. Асарда экстремистик ғоялар бўлса, у тақиқланганининг ўзи кифоя эмасми? Бу ҳибс бир расмиятчилик, аниқлаштирилгач, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон озод этилади деб умид қиляпман"
HRW: Нурулло Отахоновнинг ҳибс этилиши ташвиш уйғотди
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Human Rights Watch (HRW) ташкилоти ўзбек диссидент-ёзувчиси Нурулло Отахоновнинг (Нурулло Муҳаммад Рауфхон) ҳибсга олинишидан ташвишга тушганини билдирди.
«Ҳукумат томонидан диссидент-ёзувчи Нурулло Муҳаммад Рауфхоннинг ҳибсга олиниши унинг реабилитация қилиниши тўғрисидаги хабар ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш борасида ташланаётган қадамлар ҳақида президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилган баёнотдан сўнг ташвиш уйғотади», – дейди HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.
Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб айблари борасида кўрсатмалар йўқлиги, хамда инсон ҳуқуқлари ва фуқароларнинг эркин фикрлашлари юзасидан ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларнибажарган ҳолда ёзувчи Отахоновни қўйиб юборишга чақирди.
БМТ вакили Отахонов ҳолидан хабар олишга ваъда берди
БМТ диний эркинликлар бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ўзбек ҳуқуқбонлари билан суҳбатда 2 октябрь куни Ўзбекистонга қиладиган ташрифи доирасида қамоқда қолаëтган Нурулло Отахонов ҳолидан ҳабар олишини ваъда қилган. Бу ҳақда Озодликка бош қароргоҳи Берлинда жойлашган "Ўзбекистон -Германия " инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниëзова хабар қилди.
Улуғбек Ҳамдам: У эртага албатта ғолиб бўлади!
Таниқли адиб Улуғбек Ҳамдам ҳам ижтимоий тармоқ орқали Отахоновнинг ҳибсга олинишига муносабат билдирди:
"Ҳақни ва халқни ёд этиб, унинг ҳимояси йўлида қалам тебратган ёзувчи ташқаридан мағлуб этилган бўлиб кўриниши мумкин, лекин эртага у албатта ғолиб бўлади. Чунки бизнинг барчамиз эрта бир кун бу дунёни тарк этамиз. ҲАҚ ва ХАЛҚ эса ҳамиша бўлади ва кимнинг ЎЗИ томонида турганига қараб баҳосини беради. Эртага мағлуб бўлишни ва миллат ёдида мудом шундай бўлиб қолишни истамасангиз, Ёзувчини, Ҳақ ва халқ ёнида турган Ёзувчини қўйиб юборинг! -деб, ëзди Улуғбек Ҳамдам.
Фахриддин Низомов: Ёзувчини озод қилишдан ҳокимиятнинг ўзи манфаатдор!
Шоир Фахриддин Низомов Фейсбук тармоғи орқали Отахоновнинг ҳибсга олинганига муносабат билдириб, қуйидагиларни ёзди:
"Ҳар қандай жамият тараққиёти унда ҳақ гап қай даражада айтилаётганига мутаносибдир. Кейинги бир йил ичида ўзгариш ваъдалари берилиб, ошкоралик сари қўрқа-писа илк қадамлар қўйилаётган пайтда ёзувчи Нурилла Отахоннинг қамоққа олиниши сўз аҳлини яна тошбақадай “бўйнини косаси ичига тортиб олиш”га мажбур қилади, ҳокимиятга энди уйғонаётган ишончни йўққа чиқаради. Мана шуниси ёмон. Бинобарин, ёзувчини зудлик билан озод қилишдан энг аввало ҳокимиятнинг ўзи манфаатдор. Шунга умид қилиб қоламиз".
Санжар Саид: Ёзувчининг озод этилиши янги даврга қадам бўлади
Таниқли блоггер Санжар Саид "Ёзувчининг қўйиб юборилиши Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам янги даврга қадам қўйганини англатади", дея ёзди:
Алишер Назар: Ёзувчини ҳибс этиш, ҳақиқатга ҳақорат эмасми?
"Ёзувчилар ичида энг кўп Қўмита билан мулоқот қилган одам Нуруллоҳ ака бўлса керак. Бу дегани, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ижодини, дунёқарашини Қўмита жуда яхши билади. Йўқ жойдан душман ясашнинг нима кераги бор? Президент одамларни ҳукуматга дўст қилишга уринаётган бир пайтда бунақа "томоша" уюштириш кимга керак? Ҳарқалай бу бир англашилмовчилик эканига умид қиламиз", дея ёзди жумладан Алишер Назар Фейсбук тармоғи орқали:
Анвар Назир: Нурулло Отахоновнинг қамалиши давлат учун зарардир!
Ўзбекистонлик сиëсий таҳлилчи Анвар Назир¸ ëзувчи Нурулло Отахоновнинг президент Шавкат Мирзиëев баëнотларидан руҳланиб¸ Туркиядаги муҳожиратдан ватанга қайтиши билан ҳибсга олинишини¸ давлат ва унинг раҳбарига нисбатан халқ ишончига берилган навбатдаги зарба, деб талқин этади.
- Айтилаëтган гаплар бир томону¸ қилинаëтган ишлар бир томон бўладиган бўлса¸ халқ орасида Ислом Каримов ўлимидан кейин бошланган ўзгаришларга умид кун сайин юпқалашиб¸ халқ яна эртами-кечми радикал танлов қаршисида қолиши мумкин. Бугунги ҳукуматдагилар ана шу хавфни англаб¸ иш тутиши керак¸ дейди OzodNazar меҳмони Анвар Назир.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
ИИББ ёзувчи Нурулло Отахоновнинг қўлга олиниши юзасидан баёнот берди
Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда ёзувчи Нурулло Отахоновнинг пойтахт аэропортида қўлга олинганига изоҳ берди.
Қуйида gazeta.uz сайти брифингдан тайёрлаган хабарни айнан келтирамиз:
"Нурулло Отахонов (тахаллуси — Нурулло Муҳаммад Рауфхон) 27 сентябрь куни икки йил яшаган Туркиядан Ўзбекистонга қайтиб келди. У расмий қидирувда эканлиги сабабли етиб келиши билан қўлга олинди, дея хабар қилди Дониёр Тошхўжаев.
«Отахонов Нуруллога нисбатан 11 май куни 159-модда бўйича [Жиноят кодекси — Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш] жиноий иш қўзғатилди, — Дониёр Тошхўжаев. — Мазкур жиноий иш бўйича қатор тергов ҳаракатлари амалга оширилди ва унга нисбатан 159-модда 1-қисм, 244-модда 3-қисм „г“ банди бўйича сиртдан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш кўринишидаги чора танланган ва қидирув эълон қилинган».
Дониёр Тошхўжаевнинг таъкидлашича, айни пайтда жиноий иш бўйича ёзувчига нисбатан амнистия тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмас. У ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига расман мурожаат қилмаган.
«Ҳозирча тергов олиб бораяпмиз. Биз [барча зарур] тергов тадбирларини олиб борамиз, агар керак бўлса, қўшимча экспертиза белгилаймиз. Агарда унинг айби тасдиқланмаса ёки унинг ҳаракати амнистия актига тушса, табиийки биз қонун билан қарор қабул қиламиз», - деди у, деб хабар қилди gazeta uz сайти.
“Адвокатлар Нурулло Отахоновни ҳимоя қилишдан бош тортди”
Бир неча адвокатнинг Нурулло Отахоновни ҳимоя қилишдан бош тортгани тўғрисида Озодликка ёзувчининг турмуш ўртоғи маълум қилди.
Адвокат ëллаш учун Тошкент шаҳар адвокатлар коллегиясига борган Гулнора Отахонованинг айтишича, бирданига бир неча адвокат унинг турмуш ўртоғини ҳимоя қилишдан бош тортган:
- Қўрқамиз, деяпти ҳаммаси. Чунки бизни обориб-обкелади бу ишга аралашсак, деб қўрқиб ўтиришибди. Икки -учтаси рад қилди¸ дейди Гулнора Отахонова.
Терговчи нима деди?
Ëзувчини тергов қилаёган Яшнобод туман ИИБ терговчиси Музаффар Каримовнинг Озодликка айтишича¸ Нурулло Отахонов 2013 йилдан бери ҳеч қаерда ишламаган ва у кишининг “делосида иш жойидан ва Ёзувчилар уюшмасидан тавсифнома йўқ”. Терговчи Озодликнинг бошқа саволларига жавоб беришни истамади.
"Бу кунлар" даҳшати
Гулнора Отахоновага кўра, Отахоновнинг багажи ичидаги Туркияда чоп қилинган “Бу кунлар “ китоби ва компьютери Яшнобод туман ИИБ терговчиси Музаффар Каримов тарафидан олиб қўйилган:
- "Бу кунлар" асарига экстремистик ғояларни тарғиб қилган адабиëт сифатида экспертиза хулосаси берилипти. Китоб ва компьютерни терговчи олиб қўйди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги диний қўмита экспертиза қилган экан китобни. Агар мустақил бир экспертиза "китоб мазмунан эсктремистик ғояга асосланмаган", деб хулоса берса аҳвол яхшиланишидан умид қилса бўлади деб айтишди юристлар¸ дейди Отахонова.
Шу кунларда Тоштурмада қолаëтган ëзувчининг ўғли Файзулло Отахоновнинг Озодликка айтишича¸ отасининг жомадонида Президентга атаб дастхат битилган китоб бўлган:
- Отам бу китобга дастхат ëзиб¸ президент Мирзиëевга бериш учун олиб кетувди, деди ëзувчининг ўғли.
Нурулло Отахоновнинг бу китоби, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида ишлайдиган ходимнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистондаги тақиқланган асарлар рўйхатига киритилган.
"Бу кунлар" асарида ёзувчи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов асос солган режимга, мамлакатда шаклланган яккаҳокимлик тузумига ва бутун жамиятда урчиб хавфли тус олиб бораётган улкан ёлғонга қарши кескин муносабат билдирган.
Ўтган йили Андижон шаҳар «Уйғур» жоме масжиди имом хатиби ноиби “Бу кунлар” романига қарши мақолани интернетда эълон қилиб¸ ëзувчини сотқинликда айблаган эди.
Нурулло Отахонов Тошкент аэропортида ҳибсга олинди
Ёзувчи Нурулло Отаханов 26 сентябрь куни Истанбулдан Тошкентга қайтди. У Тошкент аэропортида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан хибсга олинди ва қўлдаги кишанлари билан милиция бўлимига олиб келинди.
Терговчиларнинг сўзларига қараганда, Отахоновнинг ушланишига унинг “Бу кунлар” китобидаги ғоялар сабаб бўлди. Ўзбекистон Вазирлар махкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитаси хулосасига кўра китобда «экстремистик» ғоялар мавжуд.
Танқидий китоби ортидан қидирувга берилган Нурулло Отахонов Ўзбекистонга йўл олди
“Оқ бино оқшомлари” ҳикояси ва шу ҳикоя асосида суратга олинган бадиий филми билан танилган бир неча китоб муаллифи¸ 63 яшар ëзувчи Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди.
Сўнгги икки йилда Туркияда яшаëтган ëзувчи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг сешанба кунги Истанбул -Тошкент учоғига чиқишдан олдин Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон президентининг чет эллардаги ватандошлар юртга қайтсин деган чақириғига жавобан қайтаëтганини айтди.
Нурулло Отахоновга кўра¸ у бундан икки йил олдин Истанбулдаги Ferfir нашриëти таклифига кўра Туркияга келган:
‒ Бу нашриëт китобим тақдимотига ва китобхонлар билан учрашишга мени чақирган эди. Аммо тадбирлар кечиккани боис Туркияда узоқроқ қолишимга тўғри келди. Бу орада мамлакат мустақиллигининг дастлабки 25 йилини ўз ичига олган “Бу кунлар” китобини эълон қилдим. Бу китоб чоп қилиниши ортидан муаммолар бошланди. Кўп дўстларим менга ватанга қайтмай туришни маслаҳат беришди¸ дейди суҳбатдош.
Диссидент ёзувчи
Нурулло Отахонов Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган. “Йўл бошида” “Дунё кенг”, “Шу ерлик киши” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари орқали танилди.
Ëзувчининг севги мавзусидаги “Оқ бино оқшомлари” ҳикояси “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилгач, “Йилнинг энг яхши ҳикояси” деб топилган эди.
Ушбу ҳикоя асосида “Оқ бино оқшомлари” бадиий филми суратга олинган. Ёзувчи турк, гуржи, хитой ва рус адабиётидан бир қатор асарлар таржима қилган. Жумладан, ёзувчи Темур Пўлатовнинг “Тарозий тошбақаси” (“Черепаха Тарази”) романи ҳамда “Шинаванда” (“Завсегдатай”) қиссаси ҳам Отахонов таржимасида ўзбек китобхонига етиб борган ëзувчи кейинги 25 йил мобайнида “Ёшлик” (Бўлим мудири), “Муштум” (Масъул котиб), “Шарқ юлдузи” (Бўлим мудири), “Ҳидоят” (Бош муҳаррир) каби турли журналларда ҳамда “Мовароуннаҳр” нашриётида (Бош директор) ишлаб келган.
Отахоновнинг “Озодлик”ка айтишича¸ 2013 йил охирида очиқ айтилмаган сабабларга кўра бирдан “Мовароуннаҳр" нашриёти Бош директорлиги ҳамда “Ҳидоят” журнали Бош муҳаррирлигидан бўшатилган ва шунинг ортидан иқтидор учун исталмаган кишига айланган.
Озодлик Нурулла Отахоновнинг Ўзбекистонга қайтиш жараëнини яқиндан кузатишда давом этади.