Ёшлар тадбирида бир гуруҳ қиз ҳижобини ечди

Расмда "Ëшлар иттифоқи" тадбирларидан бири акс этган. (Расмнинг ушбу воқеага алоқаси йўқ)

Сурхондарë вилояти Музробод туман “Гулобод” маҳалласида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тарафидан 29 июль куни ўтказилган тадбирда бир гуруҳ қиз намойишкорона ҳижобини ечишган. Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўзининг Facebookдаги саҳифасида “Ëшлар фестивалида ҳижобини ечган қизлар” ҳақидаги хабарни эълон қилиб, бир муддатдан сўнг уни олиб ташлади.

Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган бу хабарда "Ўтказилган ёшлар фестивалидан руҳланиб, турли диний оқимларга мойиллиги бор қизлар ҳижобларини ечиб, тадбирда фаоллик кўрсатдилар", - дея таъкидланади.

Ўз истаги билан...

Озодлик бу масала юзасидан изоҳ сўраб Музробод туман ҳокими Улуғбек Қосимовга мурожаат қилди. Ўзини ҳоким ëрдамчиси деб таништирган мулозим "Гулобод маҳалласида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан янги марралар сари!” мавзусида ёшлар фестивали ташкил этилгани ва бу тадбир иштирокчилари бўлган қизлар ўз ихтиëри билан ҳижобни ечганлигини" таъкидлади.

Унга кўра, бу қизлар “диний радикализмга мойиллиги бўлган ота-оналар таъсирида ҳижобга киришган вв ўз ихтиëрлари билан ҳижобдан воз кечишган”.

Мулозимнинг айтишича, “Уларга ҳокимлик ҳижобни еч” деб айтмаган.

“Гулобод” маҳаллласида ўтган тадбир ташкилотчиси¸ яқинда ташкил бўлган Ўзбекистон ëшлар иттифоқи Сурхондарë вилоят бўлими бошлиғи Охунжон Умаров билан ҳам боғланишга уриндик¸ аммо Умаров Озодликка изоҳ беришни истамади.

"Музрободда экстемизмга мойиллар кўп"

Ўзбекистон ëшлар иттифоқи Сурхондарë вилоят бўлими фаоли Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда воеқага оид баъзи тафсилотларни очиқлади.

Унга кўра¸ Музробод туманидаги “Гулобод” маҳалласида диний радикализмга мойил бўлганларнинг сони вилоят даражасидан юқори туради. Айни маҳаллада “бедарак кетган ва диний радикаллар сафига қўшилганлар” бор:

"Вилоят ва туман ҳокимлиги ҳамда Камолот ëшлар ҳаракати ўрнида тузилган Ëшлар иттифоқи бу маҳаллани бежиз танламади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан янги марралар сари!” мавзусида ёшлар фестивали айнан мана шу ерда диний экстремизмнинг салбий оқибатларига қарши тарзда уюштирилди. Бу фестивал доирасида ҳижобини ечган қизлар ҳақида ижтимоий тармоқда ҳар-ҳил гаплар тарқалди. Тадбирни кузатган фаол сифатида шуни айтаманки¸ бу қизлар ўзлари тушуниб ҳижобдан воз кечди. Бу уларнинг танлови"¸ деди фаол.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мулозими ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний масалалар бўйича махсус "қора рўйхати"га тиркалган шахслар билан тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилганини айтди. Унга кўра, беш нафар қизнинг ҳижобини ечгани ушбу тушунтириш ишларининг натижасидир.

Янги "Ҳужум?"

Ижтимоий тармоқларнинг мусулмон сегменти “Музрободдаги ҳижоб ечиш” тадбирини танқид қилиб, “Бу 1927 йили Ўзбекистонда комсомоллар ўтказган “Хужум” ҳаракатига” ўхшайди" дея таъкидлашди.

Ўзбек хотин-қизларини эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилишни кўзда тутган бу ҳаракат тадбирларида ўзбек аëллари паранжи ташлашган эди.

Ўзини Музробод туман ҳокими Улуғбек Қосимовнинг ëрдамчиси деб таништирган мулозим¸ “Нега ОАВ мухбирлари фестивалдаги ҳижобини ечган қизлар ҳақидагина ëзяпти” дея гина қилди.

Унга кўра¸ вилоятнинг чекка қисми бўлган¸ бу туманда ўтган фестивалда югуриш¸ волейбол, футбол мусобақалари, ёш ижодкорларнинг ижод намуналари кўргазмаси, бўш иш ўринлар ва китоб ярмаркалари ташкил этилган.

"Энг муҳими бу чекка маҳалладаги 9 нафар ногиронга совғалар берилди¸ ва улар вилоятдан келган малакали врач кўригидан ўтказилди", дейди мулозим.