Қашқадарё вилоят, Қарши туман, Пистакент қишлоғида яшовчи 28 яшар Лобар Ашурова пахта даласида "ички қон кетиши оқибатида" оламдан ўтди. Бу фожиа Лобар Қашқадарё вилоят сил касалликлари шифохонасида санитар бўлиб ишлайдиган онасининг ўрнига пахта теримига чиққан пайтда содир бўлган.
Воқеа Қашқадарёнинг Муборак тумани Гулистон қишлоғидаги пахта далаларидан бирида содир бўлган. Тафсилотлардан хабардор манбанинг Озодликка айтишича, Лобар Ашурованинг пахта даласида соғлиги оғирлашган ва 3 кун давомида унга тиббий ёрдам кўрсатилмаган:
“Муборак тумани 30- совхоз даласида пахта тераётган Лобарнинг мазаси бўлмай қолган ва шийпонга қайтиб келган. Лекин унга уйига кетишга рухсат беришмаган. Шийпонда 3 кун қон кетиб ётган. 3 кундан кейин Лобарни Муборак “Тез ёрдам” бўлимига олиб келишган. Лобарни операция қилишмоқчи бўлишган, бироқ у операцияга кирмасдан вафот этган”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.
Лобарнинг яқинларидан бирининг Озодликка айтишича, у Қашқадарё вилоят сил касалликлари шифохонасида санитар бўлиб ишлайдиган онаси Гулбаҳор Шерованинг ўрнига пахта тераётган пайти шу воқеа содир бўлган:
“Лобар эридан ажралган, ҳозирда ота-онаси билан яшаётган эди. Гулбаҳор опамга ишхонасидан пахтага чиқиш айтилгач, Лобар икки боласини уйга ташлаб онасининг ўрнига Муборак туманига ётоғи билан пахта кетганди. У пахта тераётганининг 9- кунида шу воқеа бўлган. Унга ҳеч ким ёрдам кўрсатмаган. Воҳаланки, у билан пахта тераётганларнинг деярли барчаси докторлар бўлган. Вақтида касалхонага етказилганида икки норасида боласи етим қолмасди”, деди Лобарнинг яқинларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан.
Қашқадарёдаги тиббиёт соҳаси мутасаддиларидан олинган маълумотга кўра, Лобар Ашурова 20 сентябрь куни оламдан ўтган ва тиббий экспертиза хулосасига кўра, унинг ўлимига ички қон кетиши сабаб бўлган.
Ҳозирда Муборак туман прокуратураси Лобар Ашурованинг ўлими бўйича тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Қашқадарё вилоят сил касалликлари шифохонаси мулозимларидан олинган маълумотга кўра, касалхонанинг 150 нафар ходими 12 сентябрдан бошлаб Муборак тумани далаларида пахта терган.
Пахта-2017: Тўрт қурбон
Лобар Ашурова - жорий йилда Озодликка маълум бўлган аҳолини мажбурий пахтага сафарбар қилиш кампаниясига алоқадор тўртинчи қурбон бўлди.
19 сентябрь куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 43-боғчада 2 яшар Абдуллоҳ устига бир қозон қайноқ овқат тўкилиши оқибатида оламдан ўтди. Боғчада ошпаз бўлиб ишлайдиган Гулнора Раҳмонова ўғлига қарайдиган қайнонаси пахта теримига чиқарилгани боис, боласини ўзи билан боғчага олиб борган пайти ушбу фожиа содир бўлган.
16 сентябрь куни Андижон шаҳрида яшовчи 58 ёшли Музаффар Умрзоқов мактабда фаррош бўлиб ишлайдиган рафиқаси ўрнига пахтага чиққан пайтда далада жон берди.
Шу куни Жиззах вилоят, Шароф Рашидов туман, "Уч тепа" даҳасидаги 32-мактабида Ёшлар иттифоқи ташкилотчиси 39 яшар Гулзода Тожибоева пахтадан қайтаëтганида автобус тагида қолиб ўлди.
19 сентябрь куни БМТ бош минбарида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда болалар меҳнати¸ умуман мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳақида баëнот қилди. Ушбу баёнотдан уч кун ўтиб, талабалар, шифокор ва ўқитувчилар пахта далаларидан шошилинч ортга қайтарилди. Бироқ Озодликка келаётган хабарларга кўра, турли соҳа вакилларини пахта теримига мажбуран чиқариш жараёни давом этмоқда.