Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкентдаги “Шаршара” колбаса цехига Хоразмдан 69,6 кило эшак гўшти олиб келинганини расман тақдиқлади. Прокуратурага кўра, эшак гўшти колбаса цехи маҳсулотларига қўшилгани ҳам аниқланган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Расмий тасдиқ
Бош прокуратура сайтида 6 декабрь куни эълон қилинган хабарга кўра, Тошкентнинг Олмазор тмуанида жойлашган «GOLD PREMIUM PRODUCT» МЧЖга қарашли “Шаршара” номли гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига Хоразм вилоятидан 69,6 кило эшак гўшти олиб келингани аниқланган.
Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар ва Хоразм вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.
Расмий хабарда айтилишича, Хоразмдан келтирилган эшак гўшти “Шаршара” цехи ишчилари томонидан бошқа гўшт маҳсулотларига қўшилганлиги аниқланган.
Тадбир пайти цехда мавжуд бўлган 275 кг гўшт маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган ва мутахасислар томонидан бу маҳсулотлар одам соғлиги ва ҳаёти хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларни жавобгарликка тортишга қаратилган зарур тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Рейд
8 ноябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан Олмазор тумани Шимолий Олмазор кўчаси 25-уйда жойлашган Gold Premium Product МЧЖга қарашли колбаса ишлаб чиқариш цехида тезкор амалиëт ўтказилди.
Бу тезкор тадбир¸ Озодликка нусхаси тақдим этилган “Ҳодиса жойини кўздан кечириш тўғрисидаги Баëннома”да ëзилишича¸ СВОЖЖДЛҚК департаментининг Хоразм вилоят бошқармасига фуқаро Ш.Ш.Ражабов томонидан берилган ариза асосида ўтказилган.
Ариза муаллифи “”Шаршара” колбасалари ишлаб чиқариш ходимларига мунтазам равишда эшак гўштини ҳар бир кило гўштни 13 минг сўмдан топшириб келаëтгани” ҳақида кўрсатма берган.
Тадбир давомида цехдан “эшак гўшти эканлигига аниқлик киритиш мақсадида” 11 қопда жами 275 килограм гўшт маҳсулотлари Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаси изоляторига юборилгани қайд этилган.
Шикоят
8 ноябрь куни «Шаршара» колбаса цехида ўтказилган тадбир тафсилотларидан бевосита хабардор тадбиркор¸ бу рейднинг Gold Premium Product МЧЖ эгаси Лутфулла Убаевга қарши махсус уюштирилган провокация эканини иддао қилди.
Бу суҳбатдошга кўра¸ рейд пайтида лаборатория текшируви учун 275 килограм гўшт маҳсулоти намунаси қонунчиликда кўзда тутилган элементар шартлар бузилган ҳолда олинган ва оғзи ëпилган целлофан қопчаларда антисанитария ҳолатида 21 соат сақланганидан сўнггина ветеринария изоляторига етказилган.
Gold Premium Product МЧЖ директори бундай қонун бузилиши устидан шикоят аризаси билан 13 ноябрь куни Ўзбекистон республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига расмий шикоят аризаси йўллаган.
Ўзбекистонда айрим сомсахона ëки шашликхоналарда эшак гўшти солинган сомса ва кабоб сотилгани¸ колбасаларга ҳам эшак гўшти қўшилгани ҳақидаги хавотирли хабарлар халқ орасида тарқаб турса-да¸ мутасадди давлат тизимларининг бундай хавотирларга ойдинлик киритгани кузатилмаган эди.
Хусусан¸ жорий йилнинг май ойида Самарқандда эшаклар қабристони топилганидан сўнг сўйилган эшаклар гўштининг колбасага топширилгани ҳақида ваҳима-хавотир тарқаган¸ бироқ бу хавотирларга бирор расмий идора узил-кесил жавоб бермаган эди.