“Uzbekistan GTL”даги аварияда икки ишчи оғир куйиш жароҳати олди

Куйиш жароҳати олган завод ишчиси ана шу беморхонада даволанмоқда.


Қашқадарёнинг Ғузор туманида ўтган йилнинг 25 декабрида фойдаланишга топширилган табиий газни қайта ишлаш Uzbekistan GTL заводида 18 июн куни чиққан ёнғинда корхонанинг икки нафар ходими оғир куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилди.

Аммо бу борадаги “Uzbekistan GTL” МЧЖ баёнотида завод ходимлари орасида жабрланганлар умуман йўқлиги айтилади.

Қарши шаҳридаги Темирйўлчилар касалхонаси шифокорлари Uzbekistan GTL заводидан икки нафар ишчи куйиш жароҳати билан даволанаётганини Озодликка тасдиқлади.

“Uzbekistan GTL” МЧЖ матбуот хизмати бу воқеада одамларнинг жароҳат олгани ҳолати нега сир тутилаётгани ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.



Тазйиқ бўлишидан чўчиб исми сир қолишини сўраган завод ишчисининг Озодликка айтишича, воқеа 18 июнь куни кечқурун содир бўлган:

“Янги заводда ҳали бунақа авария бўлмаган. Ҳаво ажратиш қурилмасида портлаш бўлиб, ёнғин чиқди. Икки киши қаттиқ куйди, уларни касалхонга олиб кетишди. Роса кўп ўт ўчирувчи машиналар келди. Эртаси куни “Ўзбекнефтгаз” раиси Меҳриддин Абдуллаев етиб келди. Бу ҳақда ҳеч кимга айтмаслик ҳақида раҳбарлар қаттиқ огоҳлантирди”.

Исми сир қолишини сўраган заводнинг бошқа бир ишчиси ҳам шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

Ўзбекистон ОАВда бу ҳақда ҳеч қандай хабар чоп қилинмади. Ижтимоий тармоқларда бу хабар тарқалганидан сўнг, “Uzbekistan GTL” МЧЖ Ишлаб чиқаришни бошқариш бўлими бошлиғи Н.Зокиржонов маълумот тарқатди. Унда бундай дейилган:

“Жорий йилнинг 18 июнь куни соат 20.30да GTL заводининг ҳаво ажратиш қурилмасини ишга тушириш жараёнида қурилманинг суюқ кислород сақлаш тизимидаги қувурига ўрнатилган бошқариш клапанининг уланиш қисмида юқори тозаликдаги кислород (99.99 фоиз) сизиб чиққан ва натижада қисман алангаланиш юзага келди”.

“Uzbekistan GTL” МЧЖ маълумоти.


Маълумотда айтилишича, ёнғин 10 минутда ўчирилган. Н.Зокиржонов завод ходимлари ва ишчилари орасида жабрланганлар мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

Озодлик ўз суриштируви давомида заводнинг икки ишчиси, Косон туманида яшовчи А.Я. ва Сурхондарё вилоятида яшовчи Х.Д. куйиш жароҳати олиб касалхонага ётқизилганини тасдиқлади.

Қарши шаҳридаги Темирйўлчилар касалхонасининг исми сир қолишини сўраган шифокорларидан бирининг айтишича, беморлардан бири, косонлик А.Я.нинг аҳволи ўртача оғирликда. Шифокор улар неча фоиз куйиш жароҳати олганини очиқламади:

“Юзлари, қўллари, қорин соҳаси қаттиқ куйган. Айниқса юзи қаттиқ куйган. Ҳозир биз барча муолажани қиляпмиз. Аҳволи ўртача оғирликда”.

Куйиш жароҳати олган косонлик завод ишчиси.

Исми сир қолишини сўраган бошқа шифокорнинг айтишича, беморнинг куйиш жароҳати 50 фоиздан юқори, аммо бу ҳақда ҳеч кимга айтмаслик таъкидланган:

“Бизнинг касалхонада куйишни даволайдиган махсус врачлар йўқ. Шунинг учун беморнинг яқинларига Тошкент ёки Самарқанддан шундай мутахассисли врач топиб келишни маслаҳат беришяпти”.

Озодлик куйиш жароҳати олган иккинчи беморнинг қайси касалхонада эканлигини аниқлай олмади. Косонлик А.Я. ҳам биринчи кун Шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб келинган, кейинчалик Темирйўлчилар касалхонасига ўтказилган.

Озодлик нима сабабдан бу ҳодисада тан жароҳати олган ишчилар жамоатчиликдан яширилаётгани ҳақида изоҳ сўраб, “Uzbekistan GTL” МЧЖ матбуот хизматига мурожаат қилди. Ўзини таништирмаган матбуот хизмати ходими, беш минутдан сўнг қўнғироқ қилишимизни, аниқлаб айтиб беришини айтди.

Беш минутдан сўнг телефон гўшагини кўтарган ходима, “Uzbekistan GTL”нинг муносабати расман баён қилинганини, ортиқча изоҳ беролмаслигини айтди.

"Nasafnews" нашри ҳам "Ўзбекнефтгаз" ва "Uzbekistan GTL" ишчиларнинг оғир жароҳат олганини жамоатчиликдан яшираётгани ҳақида 20 июнь куни кечқурун ёзди.

“Uzbekistan GTL” МЧЖ ўтган йилнинг 25 декабрида иш бошлаган, унинг очилиш маросимида шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи қатнашган эди.

Завод йилига 3,6 млрд. метр куб табиий газни қайта ишлашга қудратига эга.

Озодлик ўз вақтида GTL заводи қурувчиларининг ижтимоий муаммоларини бир неча бор ёритган.

2020 йилнинг 21 октябрь эрталаб соат 7:30да GTL заводини қураëтган Enter Engineering компаниясининг минглаб ишчиси стихияли норозилик акциясига чиққан, Озодликка келган видеоларда тахминан 5 мингга яқин каска кийган ишчилар завод биносини штурм қилаëтгани акс этган эди.

Мавзуга алоқадор Касаба уюшмаси Ғузорда ишчилар ойлик олмагани ва овқат муаммоси туфайли исён кўтарганини инкор қилди

Воқеанинг эртасига – 22 октябрь куни Озодлик Engineering компанияси ишчиларнинг тўпланиб қолган ойлиги тўлай бошланганини хабар қилган.

Ўшанда маҳаллий журналист Озодликка "ширкатнинг 12 мингдан зиëд ишчисининг кейинги уч ойда тўланмаган ойлигини тўлаш учун икки машинада пул олиб келишгани"ни кўрганини айтган.