Тошкентнинг Юнусобод тумани имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ўтган жума ваъзида эркакларнинг доялик қилишини "шармандалик" деб атаб¸ бунга чек қўйишга чақирди. 4 апрель куни Озодлик билан суҳбатда имом ижтимоий тармоқларда мунозарага сабаб бўлган бу видеобаëнотининг "нотўғри талқин" этилаëтганини иддао қилди.
Юнусобод тумани имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ўтган жума куни "Мирзо Юсуф" масжиди қавми олдида қилган ваъзида "эркакларнинг доялик қилишини тўхтатайлик, энди уят бўлади" деб айтди ва унинг бу баëноти видеоëзуви ҳам маҳаллий Интернет нашрларида тарқатилди.
"Бугунги кунга келиб тўғирлашимиз керак бўладиган масалалардан биттаси, ўғил болаларимизни дояликка ўқитишни бас қилайлик, биродарлар энди. Бу шармандачиликни тўхтатайлик энди. Майли собиқ иттифоқ даврида шунга мубтало бўлдик. Эркак одамлар доя бўлиши оддий нарса деб билинди. Аёллар орасида эркакнинг қўли енгил бўлади, деб эркак дояга мухлислик кўпайди. Лекин энди бу уят бўлади. Энди тўхташи керак", - деган баëнот матнини келтирди mehrob.uz сайти.
Имом Сайфутдинов маърузаси видеоëзуви Youtube.com порталида ҳам тарқалди.
Бу баëнот ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонлик фойдаланувчилар ўртасида қизғин баҳс уйғотгани ортидан¸ Озодлик мухбири 4 апрель куни тошкентлик имом Сайфутдиновни суҳбатга таклиф қилди.
Қисқа суҳбат давомида Юнусобод имоми ўз маърузасининг эркаклар гинекология билан умуман шуғулланмасин¸ деган маънода талқин этилишини "янглиш" деб баҳолади.
“Бу ерда фақат қиз болаларни дояликка ўқитишга тарғиб бўлган, аёлларга иш ўринларини яратишга тарғиб бўлган", - дея телефонини ўчириб қўйди тошкентлик намозхонлар орасида танилган Раҳматуллоҳ Сайфутдинов.
Тошкентдаги "Минор" масжиди собиқ имомининг эркаклар доялигига чек қўйишга оид чақириқлари ижтимоий тармоқларда баҳсу-мунозарага сабаб бўлди.
"Ўрта асрларда яшаётганимиз йўқку! Туғаётган аёл ўлим билан олишиб ётса¸ эркак ё хотин деб қараб турадими? Бу жоҳилликку!"¸ деб ёзди Facebook фойдаланувчиларидан бири Фахриддин Раҳимов.
Тармоқнинг яна бир фойдаланувчиси Зафар эса тошкентлик имомнинг чақириқларини қўллаб-қувватлайди.
“Мен ҳам қўшиламан имомнинг айтганларига. Агар аёл гинекологлар етарли бўлса¸ ҳеч ким хотинини номаҳрам эркак гинекологнинг қўлига топширмайди”, - деб изоҳ қолдирди Зафар.
Тошкентдаги Акушерлик ва гинекология илмий текшириш институтининг етакчи мутахассиси Рустам Раҳимжонов Озодлик билан суҳбатда¸ акушерликнинг оғир касб экани, уни фақат аёллар зиммасига юклаш нотўғри эканини айтади.
Айни пайтда тошкентлик гинеколог¸ туғруқ жараёнида аёл ўзига эркак шикофор ёрдам беришини истамаса¸ унга аёл шифокор тайинланишини айтди:
- Турмуш ўртоғимга эркак кишининг қўли тегмасин, фақат аёл киши доялик қилсин¸ дейдиганлар кўп бўлади. Биз уларнинг талабини бажаришга ҳаракат қиламиз. Чунки мусулмончилик-да! Лекин шунақа вазият бўлади, оғир акушерлик операциялари бўлади, у ерда эркакнинг ҳам кучи керак бўлади. Бунақа ҳолатда аёлнинг ҳаёти тарози палласига қўйилади, - дейди тошкентлик гинеколог.
Ўзбекистонда эркакларнинг доялик қилишини маън этиш чақириқлари биринчи марта янграëтгани йўқ.
Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида таниқли ҳофиз, ўша пайтда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлган Шерали Жўраев ҳам туғруқхоналарда фақат аёллар ишласин, деган таклифни илгари суриб чиққан. Бу ҳақда журналист Жаҳонгир Муҳаммад ўз хотираларида келтириб ўтганди.