Квартира олганга Тошкент пропискаси бериш масаласи муҳокамада

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида истиқомат қиладиганлар ва чет эл фуқароларининг Тошкентдан кўчмас мулк сотиб олиши ва прописка қилиниши ҳақидаги қонун ҳужжатининг икки варианти муҳокама учун Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталига жойлаштирилди.

Муҳокама 26 апрелгача давом этади

Бу ҳужжат лойиҳасида бошқа ҳудуддан келганлар ва чет элликлар учун қиймати энг кам иш ҳақининг 2 минг бараваридан кам бўлмаган (бошқа ҳудудларда пропискага эга бўлмаган чет элликлар учун – 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган) янги (Бирламчи кўчмас мулк) уй-жой сотиб олинган ва кўчмас мулкнинг нархидан 5-10% давлат божи тўланган тақдирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида прописка олиш имкониятини назарда тутган.

Уй олсанг прописка ëнга қолади

- Ҳали қабул қилинмаган қонун ҳужжати Тошкентдаги уй олиб-сотарлари ва Тошкент пропискасига эга бўлишини истаган ватандошлар тарафидан умид билан кутиб олинди, дейди Тошкентда янги уйлар сотиш билан шуғулланаадиган маклер Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармасидаги ўз исми айтилишини истамаган мулозим Озодлик мухбирига бу қонун лойиҳаси моҳиятини тушунтириб берди:

- Агар бу қонун қабул қилинса Тошкент шаҳрида пропискасиз ишлаëтган шахслар учун янги лойиҳада қурилган квартира сотиб олиш учун имтиëз яратади. Бу қонун асосида банклар узоқ муддатли ипотека кредитлари бериши мумкин. Энг муҳими Тошкентдан уй олишни истаган чет элликлар камида 100 минг доллар турадиган уйни 10 фоиз солиқ тўлаб сотиб олиши пртидан яшаш изни олиши мумкин. Бу мамлакатга янги пул тушумлари оқимини ҳосил қилади¸ дейди мулозим.

Суҳбатдошга кўра¸ квартира олди-соттиси пул ўтказиш йўли биалн амалга оширилиши лозим:

- Олдинги каби нақд пулни қўлига бериб қоғозга бошқа сумма ëзиш йўқ. Бу қонун имтиëзидан фойдаланмоқчи бўлганлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уй-жойларда шартнома тузилган санада Марказий банк курси бўйича 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган кўчмас мулкни банкдан пул ўтказиш йўли билан сотиб олишлари керак¸ дейди мутаҳассис.

Янги уй қурувчи ширкатлар лоббисими?

Тошкент шаҳар ҳокимияти қурилиш департаментига яқин бўлган муҳандиснинг Озодликка билдиришича¸ муҳокама қилинаëтган қонун лойиҳаси пойтахтда янги русумдаги турар жойлар қурилиши билан шуғулланадиган йирик ширкат раҳбари ва унинг ҳукуматга таъсири бор қариндишлари тарафидан илгари сурилган.

- Прописка тизими боис у қурган уйлар бозорининг асосий ҳаридори Тошкент пропискасига эга сегмент эди. Бу қонун қабул қилинадиган бўлса уйларни нафақат бутун ўзбекистон аҳолиси балки бутун дунë ҳаридорларига сотиш имкони пайдо бўлади¸ дейди муҳандис.

Тошкент пропискаси бўлмаган Ўзбекистон ватандоши учун учун янги ўлпон?

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталига жойлаштирилган ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон ватандошларини “Тошкент пропискаси борлар ва Тошкент пропискаси йўқлар” каби икки тоифага ажратган.

Ўзини Татяна Рузикулова дея таништирган уй олди-соттиси билан шуғулланадиган ширкати вакилининг Озодликка айтишича¸ янги уй сотиб олган тошкентликлар учун қўшимча тўлов йўқ.

- Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пропискаси бўлмаган Ўзбекистон ватандошлари уй нархининг 5 фоизи миқдоридаги тўловни назарда тутади¸ дейди суҳбатдош.

Ўзини Алишер Эргашев дея таништирган самарқандлик ҳуқуқшуноснинг Озодликка айтишича бу қонун лойиҳаси Ўзбекистон конституциясининг 18 моддасини қўпол равишда бузади.

18 модда Ўзбекистон ватандошларининг қаерда яшашидан қатъий назар бир ҳил ҳуқуқ ва эркинликлар эгаси эканлигини кафолатлайди.