Бекобод заводи учун Риштондаги ёш болали оналарга темир солиғи солинди

Фарғона вилоятининг Риштон туманида ёш болали оналарга 50 килограм металлолом топшириш шарти қўйилмоқда. Озодликка тушган шикоятда айтилишича, темир-терсак йиғиб бермаганлар бола пулини олмаслигидан огоҳлантирилган. Бола пулига масъул маҳалла раисларидан бири буни тасдиқлади ва маҳалласи йилига 1800 килограм темирни Бекобод металлургия заводи учун йиғиб беришга мажбурланаётганини тан олди.

Риштон туманида истиқомат қилишини айтган ва исми-фамилиясини ошкор қилмаслигимизни сўраган ёш болали аёллардан бири ўзи истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини 50 килограм темир солиғи юклаганидан шикоят қилди:

"2 ёшга тўлган кичик боламга 14 ёшгача олинадиган пули учун ҳужжат топширгани борган эдим. 50 килограм темир олиб келиб беринг, дейишди. Бунақа гапни биринчи марта эшитишим. Майли, дедим илож йўқ. Лекин, уйда темир қолмаган. Катта болаларим мактабга, коллежга ташиб кетиб бўлган. Зўрға 15 кило тўпладим. Лекин, буни етмайди, 50 кило берасизлар, дейишяпти. Энди бола пулиниям ололмаймизми, темир йиғиб бермасак?! Шуни билиб беринглар, деб мурожаат қилган эдим", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда 3 боланинг онаси бўлган риштонлик аёл.

Мухбир бу мурожаат ортидан Риштон туманидаги бир неча маҳалла фуқаролар йиғинларига бола пулига талабгор ёш болали онанинг яқинларидан бири сифатида боғланди.

Маълум бўлишича, бир неча йилдан буён Риштон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига йилига 1 тонна - 1 тоннаю 800 килограмгача металлолом солиғи солинмоқда.

Жумладан, Риштондаги "Оқ ер" қишлоқ фуқаролар йиғинининг номини ошкор қилмаётганимиз маҳалласи раисининг айтишича, шахсан у 4 йилдан буён темир солиғини йиғиб беришга мажбурланмоқда:

"Бизга юқоридан шунақа топшириқ бор синглим. Бизни маҳалла йилига 1 минг 800 килограм темир йиғиб бериши керак. Ойига 150-200 килограм темирни ҳокимиятга топширишимиз шарт", деди маҳалла фаоли.

Ундан олинган маълумотга кўра, металлолом солиғи тумандаги аксар таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари зиммасига юклатилган. Йиғилган темир-терсак Тошкент вилоятидаги Бекобод метталургия комбинатига юборилмоқда.

"Бу комбинат тўхтаб қолмаслиги учун, металлолом ҳам тўхтаб қолмаслиги керак экан. Шунга 4 йилдан бери йиғамиз, мажбур синглим. Тўғри, маҳаллаларда қолмаяпти темир. Лекин, топшириқ бор-да. Темир ўрнига пул ўтмайди. Албатта, темир бўлиши шарт", деди маҳалла фуқаролар йиғинининг ўзини таништирмаган раиси.

Унинг айитишича, у ишлайдиган маҳалла балансида 14 ёшгача бўлган боласига давлатдан пул сўраган ёш оилалар анчагина. Тартибга биноан оилалардаги 3 фарзандгагина 14 ёшгача белгиланган бола пули берилиши мумкин. 14 ёшгача бўлган битта бола учун ойига 52 минг сўм, иккита бола учун 82 минг сўм, учта бола учун эса 116 минг сўм пул берилади.

"Энди ҳозир шу бола пулига келганларни ишга солмасак, бошқа иложимиз йўқ, тўғри тушунинг. Бола пулини ёзиб бераверамиз, қарор чиққандан кейин уни тўхтатишга ҳаққимиз йўқ. Лекин, қаттиқ илтимос қилаяпмиз-да, шу темирни ҳам йиғиб беринглар, деб. Бу темир менга керакмас, тепадан буйруқ бу, тўғри тушунинглар", деди Риштондаги номини ошкор қилмаётганимиз маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг раиси.

Риштондан келган бу шикоят бола пулига талабгор аёлларга ҳам темир солиғи солинганига оид илк мурожаатдир.

Ўзбекистонда металлолом йиғиш масъулияти, асосан, мактаб-коллеж ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юклангани ҳақида Озодликка кўплаб шикоят тушган.

Жумладан, ўтган йилнинг март ойида Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги 40-ўрта мактабнинг 4-синф ўқувчилари металлолом олиб келмагани учун синфхонага қамаб қўйилгани кузатилган эди.

Одатан, ўқувчилардан металлолом ёки макулатура ўрнига пул талаб қили ҳоллари ҳам кузатилади.

Хусусан, конимехлик шифокорлар металлолом ўрнига 25 минг сўмдан, самарқандлик коллеж ўқувчилари 2000 сўмдан, Жиззах Педагогика институти талабалари 20 минг сўмдан, Тошкент Мусиқа лицейи ўқитувчилари 47 минг сўмдан пул топширишга мажбур бўлганликлари ҳақида Озодликка арз қилганлар.

Ҳатто, ўтган йили Жиззахда боғчаларга қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига ҳам металлолом солиғи солингани кузатилган.

Маҳаллий расмийлар Озодлик билан суҳбатда металлолом солиғи Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси махсус қарори асосида жорий этилгани ва туман, вилоят ҳокимиятлари томонидан назорат қилинишини кўп бор тан олган. Аммо, бу қарор матни матбуотга ошкор қилинмаган.