Фарғона вилоят, Риштон туман бош имом-хатиби Муҳаммаднаби Орипов Рамазонгача тумандаги масжидлар таъмири учун аҳолидан эҳсон ва садақа пулларини йиғиш талаби билан имомларга босим ўтказар экан, фаҳш сўзларни ишлатди, пул йиғиш жараёнини жимога ўхшатди.
Бундай иддао Озодликка Telegram орқали боғланган Риштондаги масжидлардан бирининг ходими томонидан янгради.
Муҳаммаднаби Орипов Озодлик саволларига жавоб бераркан, мажлисда имомлар ишини танқид қилганини тан олди, бироқ "сўкинмаган бўлишим керак", деди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Биров "ғиринг" деса, энасиникига тиқаман"
Исми сир қолиш шарти билан Озодликка Telegram oрқали боғланган масжид ходими ўз сўзининг исботи сифатида Муҳаммаднаби Орипов раислигида бўлиб ўтган "мажлисда ёзиб олинган аудиони" йўллади.
Аудиода мажлисга раислик қилаётгани тушуниладиган шахснинг тўпланганларга қўпол муомалада бўлаётгани ва ҳақоратли сўзларни ишлатаётганини англаш мумкин.
Риштонлик фаоллардан икки нафари аудиодаги овоз Риштон имом-хатиби Муҳаммаднаби Ориповнинг овозига ўхшаш эканини айтди.
Озодлик мухбири билан Telegram орқали ёзишган Риштондаги масжидлардан бири ходимининг маълум қилишича, Муҳамаднаби Орипов раислик қилган мажлис 12 апрелда Риштоннинг Оқ ер қишлоғидаги "Қаландархона" масжидида тумандаги масжидлар имомлари, ноиблари ва мутаваллилари иштирокида бўлиб ўтган.
Аудиода овози Муҳаммаднаби Ориповники экани ишонилган шахс мажлис иштирокчиларидан Рамазон бошлангунга қадар эҳсон ва садақа пулларини йиғиб олишни талаб қилади:
- Рамазонга ҳаракатларингни қилинглар. Қаердан пул топсаларинг, топинглар, мени қизиқтирмайди. Б...дь ўзингизча у йўқ, бу йўқ қилмасдан, нима қилаверинг. Юз фоиз ваколат бераяпман. Мана булар менинг қўлимни ҳам қўяверади, - дейди овоз эгаси.
У мажлис иштирокчиларини масжидлар таъмири учун эҳсон ва садақа йиғиш ишлари қандай олиб борилаётгани бўйича бирма-бир тергайди ва топшириққа риоя қилмаганларни жазолаш билан таҳдид қилади:
- Менга қара, ҳаммангга тааллуқли! Онасини эмсин, йиғ ҳаммасини. Шуни қилиб қўйинглар, ойликларингни олаверинглар. Биров “ғиринг” деса, энасиникига тиқаман. Пошёл. Мен эркакча гапиравераман, - дейди аудиоёзувдаги овоз эгаси.
"Қаландархона" масжиди ичкарисида бўлиб ўтган йиғинда овоз эгаси-мажлис раиси очиқча фаҳш сўзларни ишлатади:
- Э менга биров исботлаб беролмайди. (Озодик изоҳи: Шу ўринда имом хайрия тўплашни жинсий алоқа қилиш билан қиёслайди) Ҳей чертсаларинг чиқади халтадан, чертмасангиз ҳозир биров бермаяпти-да. Бой ҳам бермаяпти-да энди, - дейди у.
Озодлик билан ёзишган масжид ходими Риштон туман имом хатиби тўғрисида мана бу фикрни билдирди:
"Муҳаммаднаби Орипов ахлоқий жиҳатдан ҳам етук эмас. Буни биз ҳар доим тумандаги масжидлар имомлари, ноиб имомлари ва мутаваллилари билан ҳар ҳафтада бир бўлиб турадиган диндорлар машваратида сўкиниб гапиришида кузатамиз," - деб ёзди у.
"Танқид қилганман, лекин сўкинмаган бўлсам керак, билмадим"
Озодлик мухбири аудиоёзув юзасидан изоҳ сўраб Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг Масжидлар билан ишлаш бўлимига боғланди.
Айни бўлим ходими Музаффар Камолов "воқеани ўрганамиз, ярим соатдан кейин боғланинг," - дея суриштирув олиб боришга ваъда берди.
Айтилган муддатда Озодлик мухбири кўплаб уринишлардан сўнг диний идорага такрор боғланишга муваффақ бўлди.
Ўзини Бахтиёр деб таништирган идора ходими суриштирув хулосасини қуйидагича маълум қилди:
"Уни ўргандик. Унақа нарса бўлмаган. Аниқ бўлмаган бу нарса, бу нарса кузатилмаган. Ўзлари (Муаҳаммаднаби Орипов - таҳр.) билан гаплашдик бу масала бўйича," - дея гўшакни қўйди Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ходими.
Озодлик мухбири Муҳаммаднаби Ориповнинг ўзига ҳам боғланишга муваффақ бўлди.
- Билмадим. Танқид қилганман, лекин сўкинмаган бўлсам керак. Мен сўкмаганман, танқид қилганман. Масжидларни таъмирлаш ва озода сақлаш ҳақидаям гапирганман, - деди Риштон туманининг имом-хатиби.
Шу йил февраль ойида "Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш" тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган.
Унга асосан, реконструкция қилиш ва таъмирлаш талаб этиладиган эски масжидлар рўйхати шакллантирилиши ҳамда улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди ҳамда ҳомийлар ҳисобидан 2018-2019 йиллар давомида реконструкция қилиниши ва таъмирланиши лозим.