Тошкент вилоят, Чирчиқ шаҳрида жойлашган “Maxam – Chirchiq” корхонасининг юздан зиёд ишчиси 13 июлдан буён ҳар куни ўз иши қолиб, Оҳангарон шаҳридаги ободонлаштириш ишларига сафарбар қилинмоқда.
Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган ишчиларнинг айтишича, улар Оҳангаронда бузилишга тушган уйларни бузиш билан шуғулланмоқда.
Жазирама иссиқда уй бузишга мажбурланаётган ишчилар, улар ҳатто ичимлик сув билан таъминланмаётганини айтмоқда.
Корхона маъмурияти ишчиларнинг Оҳангаронга сафарбар этилаётганини тасдиқлади, лекин буни изоҳлаб беришдан ўзини олиб қочди.
Чирчиқ шаҳридаги “Ўзкимёсаноат” компаниясига қарашли “Maxam – Chirchiq” акциядорлик компаниясининг юздан ортиқ ишчиси ҳар куни Оҳангарон шаҳрига мажбуран уй бузиш учун сафарбар этилаётгани ҳақида, ана шу корхонанинг ишчилари Озодликка хабар берди.
Озодлик суҳбатлашган корхона ишчиларидан бирининг айтишича, ҳар куни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари назоратисиз завод олдидаги майдончадан 120 киши автобусларда олиб кетилади:
“Ҳар куни учта автобусда олиб кетилади. Автобуслар кичкина, тиқилинч, 82 километрга бир ярим соат йўл юрамиз. Одамларнинг ярми тик кетади. Автобуслар эрталаб соат 7 да заводдан жўнайди. Соат 8.40 дан иш бошлаймиз. Бир соат тушлик, кейин то автобуслар келгунча, соат 7 ларгача яна ишлаймиз”, - дейди корхона ишчиси.
Ишчи улар оғир ишларни қилишга мажбурланаётгани ва сувсизликдан қийналаётганидан ҳам шикоят қилди:
“Оҳангаронда йўл бўйидаги дўконлар, фитнес марказлар, заправкалар, салонлар, хуллас нимаики бўлса бир четдан бузиб кетяпмиз. Бу жойларда электр ва сув ўчирилган. Иссиқда оддий сув топишнинг ўзи имконсиз бўлмоқда. Ишчиларимиз жуда қийналиб кетди. Агар ким бош тортса, ишдан кетказиш билан таҳдид қилиняпти. Биз минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган корхона ишчилари бўлсак, нега бизни Оҳангаронга олиб бориб ишлатишади?”, дейди корхона ишчиси.
Ишчининг айтишича, шанба ва якшанба кунлари ҳам ишчилар Оҳангаронга олиб кетилмоқда.
Корхонанинг Озодлик суҳбатлашган бошқа ишчисининг иддао қилишича, бир қанча ишчилар уй бузаётганда жароҳат олган:
“Тушликни айтмай қўя қолай, фақат макарон. Тўғри, кеча оқшоқдан қилинган ош беришди. Айтишга одам уяладию, тушлик пайтида нон талашиб уриш ҳам бўлиб кетди. Бир ишчимизнинг бошига ғишт тушиб кетиб, касалхонага ётқизилди. 19 июль куни том очаётганда бошқа бир ишчимизнинг қўлига мих кириб кетди. Уни ҳам травмпунктга олиб кетишди. Уйни бузишга ҳам ўз касбининг устаси керак, оддий слесарь ёки электрикни бундай хавфли ишларга қўйишга кимнинг ҳаққи бор? Йўлда ёки ишда суратга олмасин деб, худди концлагерлардагидек, назоратчилар кузатиб туради. Бизга худди ҳайвонга бўлгандай муносабат қилишяпти”, - дейди корхона ишчиси.
Озодлик ишчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани тўғрисидаги бу шикоятларига муносабат олиш мақсадида, 20 июль куни “Maxam – Chirchiq” корхонаси матбуот хизмати раҳбари Икром Қурбоналиев билан боғланди.
Икром Қурбоналиев ишчиларнинг Оҳангарондаги ободонлаштириш ишларига жалб қидинаётганини мажбурий меҳнат эмас, дер экан:
“Бу ерда мажбурий меҳнат бўлмаяпти, бу ерда вилоят ҳокимлигининг йиғилишидан кўрсатмалар бор. Шу бўйича аниқ маълумотни суриштириб, мен сизга айтаман. Телефон рақамингизни беринг, ярим соатдан кейин ўзим телефон қилиб айтаман”, деди корхона матбуот хизмати раҳбари Икром Қурбоналиев.
Аммо, Озодликка 20 июль куни қўнғироқ бўлмади, 21 июль куни Озодлик яна Икром Қурбоналиевга қўнғироқ қилганида гўшакни ҳеч ким кўтармади.
Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси 2018 йил 10 май куни “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилган эди.
Қарорда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва бошқа қонун ҳужжатларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлангани, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, бирон-бир жазо қўлланиши билан қўрқитган ҳолда ишларни бажаришга мажбурлашни тақиқловчи нормалар мустаҳкамланганини эътиборга олиб, жумладан, Ўзбекистон Бош прокуратурасига шундай топшириқ берилади:
“Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтириш, бу борадаги текширувлар самарадорлигини ошириш ва мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланганда эса айбдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш топширилди”, дейилади дейилади Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қарорида.