Қозоғистоннинг Сатпаев шаҳрида суд “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати таркибида Россиянинг Украинага босқинида иштирок этган маҳаллий турғунни 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар қилди.
Суд ҳукмига мувофиқ, судланувчи Украинадаги урушга мафкуравий сабабларга кўра кетган. Отаси Харьковда туғилган айбланувчи Украина расмийлари мамлакат шарқидаги рус миллатига мансуб аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини чеклаяпти, деб ҳисоблаган.
Айбланувчининг исм-шарифи очиқланган эмас. У “Вагнер” ХҲШга 2022 йилда ёзилган. Даставвал у “Вагнер”га қарашли қурол-аслаҳа омборида ишлаган, кейин эса жанговар бўлинмага ўтказилган. 2023 йилда қозоғистонлик шахс ватанига қайтиб келган.
Суд уни хорижий давлат ҳудудидаги қуролли можарода иштирок этганликда айбдор деб топган. У ўзига қўйилган айбловни тўлиқ тан олган.