Ўзбекистонда эмлов жараёнидан ўтган кишилар учун эмланганликка оид тегишли сертификат жорий қилиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев 10 март куни Тошкентда бўлиб ўтган брифинг чоғида билдирган.
Мулозимга кўра, айни пайтда мамлакатда эмлаш жараёнини ташкил этиш ва вакциналарни харид қилиш бўйича иш олиб бориляпти. Бу ишни амалга ошириш учун 10 мингдан ортиқ вакцинатор, патронаж ҳамшираси, 33 мингдан зиёд шифокор эмловга тайёргарлик кўришмоқда.
“Эмланадиган аҳоли вакилларини электрон рўйхатга олиш ишлари олиб бориляпти. Янги emlash.uz деб номланган сайт яратилди. Вакцина олган фуқаролар бу сайтда рўйхатдан ўтказиб борилади. Уларга эмланганлик ҳақида тегишли сертификат ҳам берилади”, деган Б. Юсупалиев.
Мулозим шу кунда Ўзбекистонда кунига 20-40 кишида коронавирус аниқланаётгани, охирги 3-4 ҳафтада касалланиш кўрсаткичи бирмунча пасайганини қайд этган.
Озодлик аввалроқ Хитой расмийлари хорижга чиқмоқчи бўлган ўз фуқаролари учун эмлов сертификати чиқаргани ҳақида хабар қилганди.