COVID-19: Тиббиёт ходимларидан "ихтиёрий" вакцинани олиш ва аҳолига ҳам тарғиб қилиш сўралмоқда

Тез ёрдам автомобили - Тошкент

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭОЖСХ) мамлакатда COVID-19 га қарши эмланиш мутлақо ихтиёрий, ҳеч ким эмлашга мажбурланмаслигини айтмоқда.

Расмийларга кўра, вакцинация аҳоли билан ишлаётган куч ишлатар тизимлар ва тиббиёт ходимлари учун тавсия қилинади.

СЭОЖСХ бошлиғи биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев AstraZeneca вакцинаси салбий ён таъсирига оид хавотирлардан чўчиётганларда апрель ойидан “Хитой ёки Россия вакцинасини танлаш имкони пайдо бўлиши”ни маълум қилди.

Расмийга кўра, Хитой томони билан ZF-UZ-VAC 2001 ва Россия билан “Спутник V” вакциналарини 1 миллион дозадан етказиш тўғрисида келишувга эришилган, апрелдан илк партияси келиши кутилмоқда.

Айни пайтда СЭОЖСХ ҳудудий бўлимлари, шу кунда биринчи бўлиб эмланиши керак бўлган аҳоли учун вакцина тақсимлангани, айрим ҳудудларда ҳануз кутилаётганини айтмоқда.

Турли вилоятлардаги тиббиёт ходимлари ҳамда аҳоли коронавирусга чалиниб бўлгани боис, вакцинани олишни истамаётгани айтилади. Аммо раҳбарият тиббиёт ходимларидан эмланишни талаб қилаётганига оид шикоятлар келмоқда.

СЭОЖСХнинг Озодлик суҳбатлашган Тошкент шаҳри ва вилояти, Наманган, Сирдарё, Хоразм вилоятларидаги бўлинмалари ходимлари, раҳбарият улардан коронавирусга қарши эмланиш, аҳолини ҳам тарғиб қилишни талаб қилаётганини айтмоқда.

СЭОЖСХнинг Тошкент шаҳридаги бўлинмаларидан бирининг ходимига кўра, ҳозир бирламчи эмланадиган гуруҳдаги аҳолига оид маълумотларнинг электрон базаси шакллантирилган. Аммо бу рўйхатга киритилганлар орасида вакцина олишни истамаётганлар талайгина:

Мавзуга алоқадор Европа қўллашни вақтинча тўхтатган AstraZeneca вакцинаси Ўзбекистонга 17 март куни олиб келинди

“Касал бўлиб бўлдик, деяпти баъзилари. Баъзилари қонни қуюлтираркан, деб ўйлашяпти. Лекин биз аҳолига тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Рўйхатга олинганларга ҳам айтяпмиз, бу янги касаллик, фақат вакцинация билан тўхтатиш мумкин, у қонни қуюлтиради, деган гап ҳам аниқ исботини топмаган, деяпмиз. Энди ихтиёрий бу вакцина, олишни истамаганни мажбурлай олмаймиз”.

Наманган вилоятидаги СЭОЖСХ туман бўлимларидан бирида ишлайдиган ва исми ошкор қилинмаслигини сўраган ходимага кўра, улар ҳам аҳоли вакилларини COVID-19 га қарши эмлашга тарғиб қилиш ҳақида топшириқ олган.

Айтишича, ҳозир бу вилоятда биринчи бўлиб эмланиши кўзда тутилган аҳоли вакиллари ҳақидаги маълумот - исми-фамилияси, манзили ва паспорт маълумотлари электрон базага киритилган:

“Бизда рўйхатлар тузиб, топиширилган. Улар электрон рўйхатга киритилган, шу бирламчи гуруҳдагилар. Улар эмланганидан кейин, системада регистрация қилинади. Уларга махсус маълумотнома берилади кейин. Ҳозир Ҳиндистондан келган вакцина (COVISHIELD вакцинасини назарда тутмоқда - таҳр.) қонни қуюлтираркан, деган гаплар чиқди, шунга одамлар қўрқяпти. Касал бўлдик, энди эмлиб нима қиламиз, деганларам бор. Шунга бизга аҳолини ҳам тарғиб қилинглар, дейишди. Бу тўғри. Вакцинациясиз бу касални тўхтатиб бўлмайди”.

Мавзуга алоқадор Н. Отабеков: Ўзбекистонликлар ЖССТ тавсия қилган вакциналар билан эмланади

Бу ходиманинг айтишича, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва куч ишлатар тизимлар ходимларига эмланиш “тавсия қилиняпти”:

“Олинглар, сизлар аҳоли билан кундалик мулоқотда бўласизлар, ўзингизга яхши, дейишяпти. Ўзимиз эпидемияга қарши курашиб туриб, вакцина олмаймиз, дейишимиз нотўғри деб ўйлайман. Мен вакцина оламан, деб турибман. Лекин, кўпчилик, масалан мен ҳам ўзимизнинг Хитой билан чиққан қўшма вакцинани кутяпман, синовда қатнашганларни танийман, ҳеч кимда оқибатлари бўлмади”.

Аммо, Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида ишлайдиган тиббиёт ходимига кўра, бу ерда аҳоли ва тиббиёт ходимлари мажбурий эмланиши айтилмоқда:

“Эмланишга кўплаб врачлар қарши чиқяпти, ҳеч кимда эмланиш нияти йўқ. Лекин раҳбарият ҳаммани мажбурлаб базага рўйхатга оляпти. Врачлар “тромбапол” ичинглар, деб қолганларга маслаҳат беряпти. Мажбурлаб паспорт серияни қанақадир базага киритяпти, олиш мажбурий экан. Врачлар ишдан ҳайдалишдан қўрқиб, индамай юрибди. Бугундан қишлоқларда ҳам қариялар олмаймиз, деб ҚВП лардан номини ўчиртириб кетяпти”, деб ёзди бу манба.

Озодлик аввалроқ Тошкент шаҳри ва бир неча вилоятда, аҳолини коронавирусга қарши эмлашга масъул қилинган оилавий поликлиника ва қишлоқ оилавий поликлиникаси ходимлари билан ҳам суҳбатлашган эди.

Улар ҳам аҳоли орасида эмланишга истак сустлиги кузатилаётганини билдирган.

Мавзуга алоқадор Наврўздан сўнг COVID-19га қарши оммавий эмлаш бошланади. Эмлаш поликлиникалар зиммасига юклатилди

Озодлик турли вилоятлардаги тиббиёт ходимларда йиғилган маълумотлардан юзага келган саволлар билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига мурожаат қилди.

Хизмат бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев айрим саволларга жавоб берди.

Мавзуга алоқадор Вакцина "бепул". Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш қачон бошланиши маълум қилинди

Расмий вакцина мутлақо ихтиёрий бўлади, аҳоли билан ишлайдиган тоифа вакиллари, жумладан тиббиёт ходимларига “тавсия” қилинади, деди:

“Эмлаш - мутлақо ихтиёрий, ҳеч ким мажбурланмайди. Агар, бирор тиббиёт ходими, эмланмайман, деса мажбурланмайди. Уларга эмланиш тавсия қилинади. Тиббиёт ходимларининг ўзи буни яхши тушунишадику, шунинг учун улар билан вакцина масаласида муаммо бўлади, деб ўйламайман. Апрелдан Хитой ва Россиядан вакцина келишини кутяпмиз, ўшанда аҳолида яна қўшимча танлов имкони пайдо бўлади”.

Расмийга кўра, мамлакатга бепул олиб келинган 660 минг доза COVISHIELD (Astra Zeneca) вакцинаси, вилоятларда шаклланган бирламчи хавф гуруҳидаги аҳоли сонига кўра, турли ҳажмда тақсимланган.

Ҳозирча 4 млн. 112 минг аҳолини йил охиригача эмлаб олиш ҳақида гап бормоқда. Аммо, қолган аҳоли қандай вакцина билан эмланади ва эмлаш пуллик бўладими - бу ҳозирча номаълум.

“Ҳозирча эмлаш фақат бепул бўлади, хавф гуруҳидагилар ихтиёрий ва бепул эмланади. Лекин, қолган аҳолини эмлаш тартиби энди ишлаб чиқилади ва бу ҳақда сизларга хабар берамиз”, деди расмий.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига (ССВ) кўра, COVAX дастури орқали COVID-19 га қарши бепул 660 минг доза COVISHIELD вакцинаси 17 март куни Ҳиндистондан Тошкентга олиб келинган.

Мавзуга алоқадор АҚШдаги тадқиқот AstraZeneca вакцинаси барча ёшдагилар учун хавфсиз ва самарали эканини кўрсатди

Бу вакцина Буюк Британияда чиқарилаётган Oxford-AstraZeneca вакцинаси билан айни таркибда, аммо бошқа номда чиқаётган вакцинадир. Ўзбекистонда аҳолини оммавий эмлаш Наврўз байрами - 21 мартдан сўнг бошланиши айтилган.

22 март куни ушбу вакцинага оид яна 2 та муҳим хабар пайдо бўлди. Хабарлардан бирига кўра, АҚШда ўтказилган тадқиқот AstraZeneca ширкати коронавирусга қарши ишлаб чиққан вакцина барча ёшлардагиларни инфекциядан самарали ҳимоя қилишини кўрсатган.

Гарчи AstraZeneca вакцинаси 50 дан ортиқ мамлакатда рўйхатга олинган бўлса-да, АҚШда ундан фойдаланишга ҳали расман рухсат берилгани йўқ. Бундан ташқари, ширкат вакцинани ўз вақтида етказиб бера олмаётгани учун унга бўлган ишонч камайди.

Яна бир хабарга кўра, Норвегияда мутахассислар COVID-19га қарши AstraZeneca вакцинаси билан эмланган яна икки киши вафот этгани юзасидан тергов бошлаган.

Норвегияда мазкур вакцина билан эмланганидан сўнг жами 4 киши вафот этган. Мутахассислар ўлимга AstraZeneca билан эмланганлик сабаб бўлгани эҳтимолини ўрганмоқда.

Мавзуга алоқадор Норвегияда яна икки киши AstraZeneca билан эмлангани ортидан ўлгани тергов қилина бошланди

Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳоллари яна орта бошлади. Хусусан, 21 март куни 107 кишида коронавирус аниқланди, буларнинг 88 нафари Тошкент шаҳрида.

Жами касалланиш ҳолати 81 минг 446 нафарга етди. ССВнинг маълум қилишича, айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 940 нафар бемордан 141 нафари оғир, 23 нафари эса ўта оғир аҳволда.