Валенсияда Испания қироли ва қироличасига лой ва тош отилди

Испания қироли Филиппа VI (ўртада) Пайпорт шаҳрида, 2024 йил 3 ноябри

Валенсия вилоятининг Пайпорт шаҳрида тошқиндан жабр кўрган аҳолидан хабар олиш учун келган Испания қироли Филиппа VI га норози оломон томонидан лой ва тош отилга ҳамда ҳақорат ёғдирилган.

Қотил”, дея қичқиришган йиғилганлар Испания қиролига қарата. Ҳақоратдан шаҳарга келган ҳукумат амалдорлари ҳам бенасиб қолмади. Одамлар улардан нима учун аввалроқ келишмаганини сўрашган. Бир муддат сўнг оломонни тутиб туриш учун полициячилар вазиятга аралашишига тўғри келган. Воқеа жойидан олинган кадрларда қўриқчилар Филипп VI ни соябонлар ёрдамида тўсишга уринаётгани акс этган.

Пайпортда олинган суратларда қиролича Летиция юзида ҳам лой изларини кўриш мумкин.

Кейинроқ маҳаллий манбалар қирол ва унинг рафиқаси тошқиндан жабрланган бошқа бир аҳоли пункти - Чивага сафарини қолдирганлари ҳақида маълум қилишган.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, тинимсиз жала туфайли ўтган ҳафтада юзага келган табиий офат натижасида 217 киши қурбон бўлган, уларнинг аксарияти мамлакат шарқидаги Валенсия вилояти турғунлари бўлган.

Тошқин чоғида кўплаб одам бедарак кетгани айтилмоқда.Телефон ва транспорт тармоғига жиддий шикаст етгани учун йўқолган одамларнинг аниқ сонини айтиш қийин бўлмоқда. Транспорт вазири Оскар Пуэнте El Pais нашрига берган интервьюсида тезкор хизматлар айрим участкаларга яна бир неча ҳафта мобайнида қуруқлик йўли орқали бора олмаслиги мумкинлигини билдирган.

Табиий офат чоғида минглаб одам уй-жойлари ва мол-мулкларидан ажраган. Тошқин кўприкларни вайрон қилган, қатор шаҳарларда кўчалар лой билан тўлган. Бир неча аҳоли пункти электр ва сув таъминотисиз қолган, шунингдек, у жойларга озиқ-овқат етказиб бериш ҳам мушкуллашган.

Маҳаллий аҳоли расмийларни жабрланганларга ёрдам ва уларни қутқариш чораларида кечикканлари учун танқид қилишмоқда. Уларнинг иддаосича, расмийлар табиий офат ҳақида одамларни ўз вақтида огоҳлантиришмаган.