Марказий банк бошқарувининг қарори билан Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар 21 декабрдан кучга кирди. Бу ҳақда Norma ахборот-ҳуқуқий портали маълум қилди.
Маълумотда қайд этилишича, ички валюта операцияларига қимматли қоғозлар бозорининг уюшган савдоларида норезидентлар томонидан, шу жумладан биржа брокерлари ва инвестиция воситачилари орқали акциялар ва облигацияларни (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг облигациялари бундан мустасно) сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ ўтказмалар кириши белгиланмоқда.
Махсус валюта ҳисобварағига мижоз томонидан сотиб олинган, шунингдек, ушбу ҳисобварақдан илгари чиқарилиб, фойдаланилмаган ёки бошқа сабабларга кўра қайтарилган чет эл валютаси ҳам кирим қилинади.
Махсус валюта ҳисобварағидан илгари чиқарилган ва фойдаланилмаган, шунингдек бошқа сабабларга кўра қайтарилган чет эл валютаси ҳам 3 банк иш куни мобайнида тижорат банкларига қайта сотилиши ёки буюртмада кўрсатилган мақсадлар учун такроран ўтказиб берилиши лозимлиги ҳақидаги норма бекор қилинмоқда.
Шу билан бирга, банк мижози томонидан сотиб олинган (шу жумладан фойдаланилмаган ёки қайтарилган) валюта маблағлари мижознинг махсус валюта ҳисобварағига киритилган вақтдан эътиборан етти банк иш куни мобайнида фойдаланилиши ёки ушбу муддат тугагандан кейинги банк иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда тижорат банкига қайта сотилиши шарт.
Ўзбекистон Марказий банки 4 ноябрда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини ўзгартиришга оид идоралараро қарор лойиҳасини муҳокама қўйган эди. Бу лойиҳа тадбиркорлар томонидан кескин танқид қилинган.
Тадбиркорлар фикрича, қарор тадбиркорлик субъектлари томонидан чет эл валютасини харид қилиш устидан назоратни кучайтиради ва бунинг ортидан инвесторлар Ўзбекистонга сармоя киритишдан тийилади.
Марказий банк тадбиркорларнинг бу баёнотларига муносабат билдирар экан, конвертация қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар “валюта операцияларини чеклашни эмас, амалдаги нормаларни аниқлаштириш ва операцияларни амалга ошириш жараёнини соддалаштириш”га қаратилганини таъкидлаган.
Марказий банк таклиф қилган янги тартибга асосан хорижий инвесторларнинг фойдалари, дивидендлари ва бошқа даромадлари репатриация қилинганда — фойда тақсимоти, дивидендлар тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат, аудиторлик ташкилоти ёки солиқ органининг хулосаси, шунингдек солиқ органининг даромад солиғи тўлангани тўғрисидаги тасдиқномаси талаб қилинади.
Бундан ташқари банк миллий валютадаги маблағларнинг келиб чиқиши қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам талаб қилиши мумкин.