Вашингтон COVID-19 га қарши АҚШда ишлаб чиқарилган вакциналарга ишончни сўндиришга қаратилган дезинформация кампанияси олиб бораётган Россияни танқид қилиб чиқди. Қўшма Штатлар бу кампанияга қарши “барча мавжуд воситалар” билан курашишга ваъда берди.
“Россия ўзининг эски найрангларидан фойдаланиб, ҳар куни одамлар ҳаётини сақлаб қолётган вакциналар тўғрисида нотўғри маълумот тарқатиб, кишилар ҳаётини хатар остига қўяётгани очиқ-ошкор кўриниб турибди”, дея билдирди АҚШ Давлат департаменти расмийси Нед Прайс 8 март куни журналистлар қаршисида сўзларкан.
Бу баёнотдан бир кун аввал Wall Street Journal газета Давлат департаментининг бўлинмаси бўлмиш Ўзаро ҳамкорлик глобал маркази хулосаларини ёйинлаган, мақолада мувофиқлаштирилган кампанияда иштирок этаётган тўртта онлайн-платформа ортида Россия разведка хизматлари тургани қайд этилганди. WSJ сайтлар АҚШнинг Pfizer вакцинаси билан боғлиқ хатарлар бўрттириб кўрсатувчи материаллар эълон қилаётгани, шу билан Россиянинг “Спутник V” вакцинаси ишлаб чиқарилишини дастаклашга уринаётгани ҳақида ёзган. Унда айтилишича, сайтлар вакциналарга нисбатан салбий муносабат акс этган халқаро хабарларга эътибор қаратиб, препаратларнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги хусусида маълумот бермаяптилар.
Нед Прайс сайтлар “АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари сифатини санитар назорат қилиш бошқармаси томонидан ҳозирги кунда маъқулланган икки вакцина ҳақида” дезинформация тарқатаётганини таъкидлаган.
Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки брифинг чоғида: “[АҚШ] тасарруфида мавжуд бўлган барча воситалар билан [дезинформацияга қарши] курашади”, дея билдирган.