АҚШ ҳукумати Россияга 3 сентябргача Қўшма Штатлардан чиқиб кетиши лозим бўлган 24 нафар элчихона ходими рўйхатини топширди. Бу ҳақда The National Interest журналига интервюси чоғида Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов маълум қилган.
Унинг айтишича, кетаётган дипломатларнинг аксарияти ўрнига бошқа ходим олинмайди, чунки АҚШ виза бериш тартибини кучайтирган. Қолаверса, ўтган йили декабрь ойида Давлат департаменти Россия ТИВ ходимларининг АҚШда хизмат сафарида бўлиш муддатига уч йиллик лимит белгилаган эди, дея қайд этган Антонов.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Россия элчисининг сўзларини “бир оз чалкаш” деб атаб, РФ ўзининг Вашингтондаги элчихонаси ходимлари визаларининг амал қилиши тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирилгани ва ушбу ходимлар ўз визалари муддатини узайтириш бўйича сўров беришлари мумкинлигини урғулаган.
Давлат департаменти вакили Россия АҚШни РФдаги Америка дипломатик ваколатхоналарига Россия фуқароларини ишга ёллашдан воз кечишга мажбур қилганини эслатган, бу эса, Прайс сўзларига кўра, Россиядаги Америка дипмиссияси фаолиятига, жумладан унинг Россия ҳукумати билан “дипломатик иш олиб бориш” қобилиятига “салбий таъсир этган”.
Шу билан бирга Нед Прайс Россия элчихонаси ходимларининг визалари муддати чекланиши Россиядаги Америка дипломатик миссиясига нисбатан жорий этилган чеклов чоралари билан боғлиқ эмаслигини қўшимча қилган.
Май ойида Россия ҳукумати АҚШни “душман мамлакатлар” рўйхатига тиркаб, унинг дипломатик миссияларига россияликларни ишга қабул қилишни тақиқлаган эди. Ўшанда АҚШ техник ва маъмурий лавозимларда, шунингдек маслаҳатчи ва юрист бўлиб ишлаётган 182 ходимни бўшатишига тўғри келган.
2021 йил апрелида янги санкциялар манзарасида Россия ва АҚШ бир-бирининг ўн нафардан дипломатини бадарға қилган. 1 августдан бошлаб, ходимлар етишмаслиги сабабли АҚШ Россияда консуллик хизматлари кўрсатишни тўхтатган.
2017 йилга қадар Американинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналарида минг нафардан зиёд россиялик ишлаган, бироқ Россия ТИВ АҚШ санкцияларига жавобан улар сонини 450 нафарга қисқартирган.