Вазир А. Комилов АҚШ Давлат котибининг ўринбосари билан афғон масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уенди Шерман билан, Тошкент, 2021 йил 3 октябри (ТИВ фотоси)

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 3 октябрь куни Тошкентда АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уенди Шерман билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, учрашувда томонлар Афғонистонда кенг миллий ярашув ва инклюзив ҳукуматни шакллантириш жараёнига кўмаклашиш, мамлакатда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш, гуманитар инқирознинг олдини олиш зарурлигини таъкидлаганлар.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари, хусусан, Стратегик ҳамкорлик мулоқотининг биринчи йиғилишини ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.

Учрашувда вазир Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга Moderna ва Pfizer ширкатлари томонидан ишлаб чиқарилган 5 миллиондан ортиқ дозадаги вакциналарни беғараз аснода тақдим этгани учун Қўшма Штатларга алоҳида миннатдорлик изҳор қилган.

Тошкентга ташрифи доирасида Уенди Шерман бошчилигидаги АҚШ делегациясининг ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоллари билан ҳам учрашиши кутилмоқда.