Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 8 сентябрь куни Афғонистон бўйича АҚШ Давлат департаменти ва Германия Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган вазирлар учрашувида иштирок этди.
ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, видеоконференцалоқа шаклидаги мазкур йиғилишда дунёдаги 20 дан ортиқ мамлакатнинг ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ҳамда БМТ, Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари қатнашган.
“Тадбирда Афғонистондаги мавжуд вазият, Афғонистон инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди. Асосий инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, хусусан, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш, Афғонистон ҳудудида террористик ташкилотлар фаолият юритишини олдини олиш борасидаги Толибоннинг мажбуриятларини бажариши муҳимлиги қайд этилди”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Ўзбекистон бош дипломати А. Комилов учрашувда қилган чиқишида Афғонистон учун можаролардан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш, жумладан мамлакат иқтисодиётини тиклаш, уни минтақавий интеграцион жараёнларга жалб қилиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратган.
Шу куни А. Комилов Афғонистонга қўшни мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашувида ҳам қатнашган.
Покистон, Хитой, Эрон, Тожикистон ва Туркманистон дипломатлари иштирокида ўтган бу учрашувда қатнашчилар Афғонистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини, шунингдек тинчлик, хавфсизлик, миллий ярашувни таъминлаш, Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик ва барқарор ривожланиш тамойиллари тарафдори эканлигини билдириб, мамлакат келажаги ўз халқи томонидан белгиланиши кераклигини қайд этганлар.
Вазирлар умумий муаммоларни ҳал этиш ҳамда тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик, минтақавий ўзаро боғлиқлик ва иқтисодий интеграцияни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидлаганлар.