Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 15 ноябрь куни Брюсселда Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилаинен билан учрашув ўтказган.
ТИВ матбуот хизмати қайдича, мазкур мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасидаги алоқаларни муҳокама қилганлар.
“Илгари қабул қилинган қўшма ташаббус ва дастурларни амалга ошириш жараёни, шунингдек, турли даражадаги ҳамда шаклдаги бўлажак учрашувлар жадвали кўриб чиқилди”, дейилган ТИВ хабарномасида.
Ўзбек делегацияси Брюсселга 15-17 ноябрь кунлари “Ўзбекистон Республикаси-Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгашининг 16-мажлисида иштирок этиш учун борган. Ташриф доирасида делегация вакиллари кеча Европа Кенгаши президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича бош маслаҳатчиси Саймон Мордю билан учрашганлар.
Делегация таркибида бўлган Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев эса душанба куни Брюсселда Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон билан музокаралар ўтказган.
“Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, шунингдек, мамлакатга тез фурсатда инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди”, дейилган ТИВ хабарномасида.
Томонлар Афғонистондаги мавжуд вазият, халқаро ҳамжамиятнинг Толибон ҳукуматига нисбатан умумий позициясини ишлаб чиқиш, Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олиш юзасидан фикр алмашганлар.