Ўзбекистон Украинадаги оғир вазиятни инобатга олган ҳолда бу мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 17 март куни Олий Мажлис Сенатининг галдаги ялпи мажлисида қилган чиқишида билдирди.
“Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк республикаларини тан олмадик”, деган вазир Комилов ташқи сиёсат концепциясига асосланган ҳолда Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокларга кирмаслигини қўшимча қилди.
Украинадаги можаро ортидан Ғарб мамлакатларининг Россияга қарши жорий этган санкциялари Ўзбекистонга ҳам тўғридан-тўғри таъсир ўтказаётганини урғулаган А. Комилов ҳозирда мазкур санкциялар салбий таъсирининг олдини олиш Тошкент учун муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратди.