Вазир: Мактаб битирувчиларига кейинги йилдан ОТМга имтиҳонсиз кириш имконияти берилиши мумкин

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов

Ўзбекистонда мактаб битирувчиларига 2022 йилдан бошлаб олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз киришга тавсиянома берилиши мумкин. Бундай тавсияномалар 6-синфдан аъло баҳоларга ўқиган ва яхши хулққа эга бўлган битирувчиларга берилади. Бу ҳақда Газета.уз нашри халқ таълими вазири Шерзод Шерматов сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Ўз сўзида вазир эндиликда бу тартибнинг механизмини ишлаб чиқиш кераклиги, ҳозирда бу борада масъуллар олдига вазифа қўйилганини билдирган.

“Боланинг тақдири нимага фақат бир кун билан ҳал бўлиб кетиши керак? Келинглар, мактаб битирувчиларининг қанчадир фоизини, масалан, 6-синфдан буёғига яхши ўқиган, хулқи яхши бўлган болаларга (тавсиянома — таҳр.) берайлик деган вазифа қўйилди”, дея иқтибос келтирган нашр халқ таълими вазири сўзларидан.

Ш. Шерматов битирувчиларга мактаб томонидан тавсиянома берилишининг муҳтамал салбий жиҳатларига ҳам тўхталган. Унга кўра, тавсиянома олган битирувчилар сони жуда кўпайиб кетса, мактабда қандай қилиб потенциал коррупциянинг олди олинади, деган масала бор.

“Эртага баҳоларнинг бирдан ошиб кетишининг олдини қандай оламиз? Шунинг учун бу жараёнларнинг ҳаммасини ишлаб чиқамиз. Мана, ҳозир электрон кундалик қилишимизнинг сабаби ҳам электрон архив турсин, деяпмиз. Охирида мана бу болани аълочи қилиб чиқаришимиз керак, деб баҳоларни тузатиб чиқа олмаслиги учун архив бизда турсин, деяпмиз”, деган халқ таълими вазири.

Ш. Шерматов бу жараён вақт талаб қилишини, тавсиянома берилишининг ижобий ва салбий жиҳатлари ўрганиб чиқилиши лозимлигини, кейинги йилдан жараённинг бир қисми ишга туширилишини, бу ўрганишлар якунида эълон қилинишини қўшимча қилган.