Вазир Мирзамаҳмудов: Туркманистон Ўзбекистонга йилига 2 млрд куб метргача газ етказиб беради

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов

Туркманистон билан Ўзбекистон расмийлари ўртасида йилига 2 миллиард куб метргача газ етказиб бериш бўйича қисқа муддатли шартнома имзоланган. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов THPга (Туркманистон хабар портали) берган интервьюсида маълум қилган.

Мирзамаҳмудовга кўра, бу келишув икки мамлакат ўртасидаги тўғридан-тўғри олди-берди бўйича “бир дебоча, холос”. Аввалроқ Туркманистон нашрлари 24 август куни Ашхободда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан Туркманистон бош вазирининг ёнилғи-энергетика мажмуаси учун масъул ўринбосари Ботир Аманов ўртасида музокаралар бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилган.

Биз ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдик. Булар янада кўпроқ газ етказиб бериш бўйича узоқроқ муддатли шартномани ишлаб чиқиш, электр энергияси етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорлик, учинчи мамлакатларга электр энергиясини транзит қилиш, шунингдек, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалардир”, деган Ўзбекистон энергетика вазири THPга

Вазир Мирзамаҳмудовга кўра, ҳамкорлик лойиҳалари ичида кимёвий ўғитлар етказиб бериш масаласи ҳам бор.

Мулозимнинг урғулашича, шартнома бўйича Туркманистондан олинган табиий газ “Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжлари учун ишлатилади ва ошиб бораётган талабни қондиришга ёрдам беради”.

Ўзбекистон 2022 йилнинг декабрида қиш мавсумида қўшимча 1,5 млрд куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича Туркманистон билан келишувга эришган эди. Ўшанда мазкур қисқа муддатли шартноманинг икки мамлакат ўртасида “газ етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри, учинчи томон иштирокисиз” тузилган илк шартнома бўлгани қайд этилганди.