Вазир Саидов Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг билан, Тошкент, 2024 йил 26 ноябри

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 26 ноябрь куни Тошкентдаги ТИВ биносида Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг билан учрашган. Бу ҳақда ТИВ раҳбари ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Ўзбекистон бош дипломатига кўра, у Исроил элчисига БААда ўлдирилган раввин Цви Коган вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдириб, ўзбек халқи “барча дин ва элат вакилларига азалдан дўстона муносабатда бўлиб келган”ини урғулаган.

Биз миллатчиликнинг ҳеч қандай кўринишига тоқат қилмаганмиз ва бундан кейин ҳам тоқат қилмаймиз. Терроризм ва экстремизмнинг чегараси ва миллати йўқ. Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”, деб ёзган вазир Саидов.

Икки кун муқаддам Бирлашган Араб Амирликларида исроиллик раввин Цви Коганнинг жасади топилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. БАА расмийлари раввин ўлимида гумонланиб уч нафар ўзбекистонлик қўлга олинганини билдиришган. Амирликлар Ички ишлар вазирлиги баёнотида қотилликда гумонланаётганларнинг исми Олимбой Тоҳирович, Азизбек Комилович ва Маҳмуджон Абдураҳим бўлиб, улардан икки нафари 28 ёшда, яна бири эса 33 ёшда экани қайд этилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Дубайдаги бош консулхонаси ўзбек дипломатлари БАА Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралари билан доимий алоқада бўлиб, исроиллик раввин ўлими юзасидан “ойдинлик киритиш мақсадида тегишли ишлар” олиб бораётганларини маълум қилган эди.

2020 йилдан буён БААда истиқомат қилаётган Исроил ва Молдова фуқароси Коган яҳудийларнинг “Хабад Любавич” ортодоксал диний ҳаракатини тамсил этиб келган.

Коганнинг автомобили Абу Дабидан 150 километр наридаги шосседа топилган. Амирлик расмийлари раввиннинг ўлдирилиш сабабларига оид бирор маълумотни очиқлашмаган.

Исроил бош вазири офиси ва Ташқи ишлар вазирлигининг қўшма баёнотида Коганнинг ўлими “мудҳиш антисемитча террор хуружи” деб аталган. Баёнотда айбдорлар қаерда бўлишларидан қатъи назар, Исроил уларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солиши ваъда қилинган.