Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 27 октябрь куни Тошкентдаги ТИВ биносида Бирлашган Араб Амирликлари, Жазоир, Иордания, Кувайт, Миср, Қатар, Фаластин, Саудия Арабистони ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиларини қабул қилган. Бу ҳақда вазир Саидов ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Мулозимга кўра, у яқин шарқлик дипломатлар билан бошқа масалалар билан бир қаторда Ғазо секторидаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашган.
“Биз яна бир бор барча томонларни тинч аҳоли орасида минглаб инсонлар, жумладан, болалар қурбон бўлаётган қуролли можарони тўхтатишга, ечим топиш учун фақат дипломатик воситалар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан фойдаланишга чақирамиз”, дейилган Бахтиёр Саидов хабарномасида.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон ТИВ 18 октябрь куни Ғазо секторидаги “Ал-Аҳли” касалхонасига уюштирилган ҳужумни кескин қоралаб, баёнот тарқатгани ҳақида хабар қилган эди.