Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабаларнинг хорижлик меҳмонларни кутиб олишга жалб қилинишини “мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши” ўлароқ баҳолади.
Вазир қайдича, мутасаддилар талабаларнинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳақли эмас.
“Энг ёмон кўрганим шу, хориждаги меҳмонларни кутиб олиш учун нега менинг гул қизларим гул кўтариб чиқиши керак? У ерга ҳам ўзингизни фарзандингизни қўйиб кўринг. У бўйича алоҳида буйруқ қиламиз. Буни мажбурий меҳнатга тенглаштирамиз. Бу мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши”, дея иқтибос келтирган вазир Тошқулов сўзларидан блогер Нурбек Алимов ўз Телеграм-каналида.
Тошқуловга кўра, талаба қизлар меҳмонларни кутиб олишга хоҳлаб бораётгани йўқ.
“Совуқда, дарсдан чиқиб, тўгаракка бориш керак бўлган вақт ёки дам олиш вақти адрас кўйлакни кийиб гул кўтариб бориш қайси қизга ёқади?” деган вазир “ҳамма жой ҳуқуқий қолипга тушиши шарт”лигини урғулаган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзоси билан олий таълим вазиридан шу йил 5 февралигача хорижлик меҳмонларга гулдаста билан кутиб олиш учун миллий либосдаги 50 нафар толиба рўйхатини тақдим этиш сўралган хат нусхаси пайдо бўлган ва бу хат мазмуни фойдаланувчиларда норозилик уйғотган эди.
Ўтган йил ноябрида ўқувчиларни совуқда юпун кийимда байроқ хилпиратишга олиб чиққан мутасаддилар ишдан олингани ҳақида Озодлик олдин хабар қилган.