Ўзбекистонда 2017 йилдан 2021 йилгача уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, 2021 йилдан 2023 йилгача Нурафшон шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган Музаффар Солиев етти йилга озодликдан маҳрум этилган.
Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, собиқ вазир иши шу йил март ойида жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида кўриб чиқилган. Суд ҳукми билан мамлакат Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) “а” ва “в” бандлари, 209-модда (мансаб сохтакорлиги) 2-қисмининг “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган Солиев 7 йиллик қамоқ жазосига тортилиши билан бирга 3 йил мобайнида моддий жавобгар шахс лавозимида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган. Собиқ вазир жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Солиев биринчи инстанция суди ҳукми устидан юқори инстанцияга шикоят аризаси киритган. Собиқ вазир иши шу йилнинг 30 июлида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Аммо Тошкент шаҳар суди ҳам Шайхонтоҳур туман суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.
Озодлик аввалроқ собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга оид иш жорий йилнинг 15 августидан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўрила бошлаши ҳақида хабар қилган эди. Мазкур маълумот кейинроқ Ўзбекистон Олий судининг жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Азиз Обидов томонидан тасдиқланган.