Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратининг 40 фоиз ходими ишдан олинди ва уларга қуйи бўғин тиббиёт муассасаларида ишлаш таклиф қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, ходимларга ишдан бўшатилгани тўғрисида 14 декабрь куни ўтган йиғилишда маълум қилинган. Ишдан бўшатилган ходимлар ўз фаолиятида биронта самарали натижа кўрсата олмаган.
Йиғилишда Ўзбекистонда тиббий хизмат сифати талаб даражасида эмаслиги таъкидланган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 11 ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушган жами мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12 мингтага кўпайиб, 57 600 тани ташкил этган. Уларнинг энг катта қисми сифатсиз тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ шикоятлардир.
Бундан ташқари йиғилишда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ёмонлиги оқибатида сўнгги беш йилда юрак-қон томир хасталикларига чалиниш ҳолатлари 20 фоизга кўпайгани, мутахассислар малакаси етишмаслиги оқибатида диабетнинг оғир асоратлари – кўз, буйрак ва тўпиқ касалликлари бўйича республика муассасаларига мурожаатлар 10 фоизга ошгани қайд этилди.