Вазирлик: Келгуси йил юздан зиёд янги мактаб очилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилиб, 257 минг ўқувчи ўрни очилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири 24 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёевга берган ахборотда қайд этилишича, охирги етти йилда 5 мингдан зиёд мактабда, бу йил эса 608 та мактабда қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилди.

Вазирлик келгуси ўқув йилида давлат таълим дастурини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириб, иккинчи хорижий тил ўқитиладиган мактабларни 420 тага, касб-ҳунар ўргатиладиганларини эса 400 тага етказишни режалаштирган.

Бу йил 1500 та умумтаълим мактабида янги баҳолаш тизими жорий этилди. Натижалар таҳлилидан келиб чиқиб, бу тажриба яна кенгайтирилади.

Вазирлик режасига кўра, кейинги йил 162 та мактабгача таълим муассасаси қурилади, 100 та хусусий ва мингта оилавий боғча очилади. Булар орқали мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етказилади.

Мамлакатда ўқувчи ўринлари етишмаслиги таълим тизимининг оғриқли муаммоларидан бири саналади. Экспертлар янги мактаблар қурилиши аҳоли сони ўсишига мутаносиб олиб борилмаслиги оқибатида ўқувчилар икки-уч сменада ўқишга мажбур бўлаётганини айтиб келади.

Юкламани хусусий таълимни ривожлантириш орқали енгиллаштиришга уринишни кузатиш мумкин. Озодлик аввалроқ мамлакатдаги нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари 2030 йил 1 январига қадар барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан озод қилингани ҳақида хабар қилган эди.