Ўзбекистонда давлат қарзи қолдиғи 2024 йил 1 январь ҳолатига 34,9 миллиард АҚШ долларига етган ва бу ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 38,4 фоизини ташкил этган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоботида айтилган.
Вазирлик қайдича, қарийб 35 миллиард долларлик қарзнинг 29,6 миллиард долларини ташқи қарз, 5,3 миллиард долларини эса ички қарз ташкил этади.
Ҳисоботдан келиб чиқилса, 2023 йилда Ўзбекистонда давлат қарши 5,7 миллиард долларга ошган ва бу кутилмадан 2,8 миллиард долларга кўпроқдир.
Вазирлик ҳисоботида Ўзбекистоннинг қайси давлатдан қанча миқдорда қарз олганига аниқлик киритилган эмас. Бироқ халқаро молиявий ташкилотлар ичида мамлакат энг кўп қарзни Жаҳон банки (6,6 миллиард доллар), Осиё тараққиёт банки (6,4 миллиард доллар), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (2 миллиард доллар), Хитой эксимбанки (1,9 миллиард доллар) ва Хитой давлат тараққиёт банкидан (1,4 миллиард доллар) олгани маълум.
Куни кеча Озодлик Ўзбекистон “Аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳлари интеграцияси учун ижтимоий ҳимоянинг инновацион тизими” лойиҳасини амалга ошириш учун Жаҳон банкидан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит олгани ҳақида хабар қилган эди.
Ўзбекистон президенти томонидан тасдиқланган 2024 йил бюджети қонунида жорий йилда мамлакатнинг қарз олиш лимити 5 миллиард доллар даражасида белгиланган эди. Бундан 2,5 миллиард доллар бюджет камомадини ёпишга, 2,5 миллиард доллари эса инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга сарфланиши айтилган.