Венесуэлада амалдаги президент назорати остида бўлган Миллий сайлов кенгаши 28 июль куни бўлиб ўтган президент сайловида яна Николас Мадуро ғалаба қозонганини эълон қилди. Мадуро учун бу учинчи олти йиллик президентлик муддати бўлиб ҳисобланади.
Сайлов бюллетенларининг 80 фоизи қайта ишланганидан кейин амалдаги президент 51 фоиздан кўпроқ, бирлашган мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес эса 44 фоиз овоз йиғолгани аён бўлди. Сайловнинг бошқа 8 нафар иштирокчиси учун сайловчиларнинг 4,6 фоизи овоз берган, дея маълум қилди Миллий сайлов кенгаши раиси Элвис Аморосо.
Мухолифат сайлов натижалари 2018 йилдаги сайловда бўлгани каби сохталаштирилганига шубҳа қилаётгани йўқ. Сайлов олдидан АҚШнинг Edison Research фирмаси томонидан ўтказилган сўров ва экзитпол натижалари ҳам мухолифат номзоди Гонсалес Мадуродан 30 фоиз кўпроқ овоз олиб, ғалаба қозонишини кўрсатган.
“Натижаларни яшириб бўлмайди. Мамлакат тинч йўл билан ўзгаришларни танлади”, деб ёзганди Гонсалес Х тармоғида овоз бериш якунланган, бироқ ҳали расмий натижалар эълон қилинмаган пайтда.
Натижалар эълон қилинганидан кейин Мадуро ўз ғалабасини тинчлик ва барқарорликнинг ғолиб келгани, дея баҳолаган.
Аргентина Венесуэладаги президент сайловида Мадуро ғалабасини тан олмаслигини маълум қилган.
“Маълумотлар мухолифат катта устунлик билан ғалаба қозонганини кўрсатиб турибди ва дунё узоқ йиллик социализм, азоб-уқубат, таназзул ва ўлимлар ортидан Мадуро ўз мағлубиятини тан олишини кутмоқда. Аргентина галдаги товламачиликни тан олмоқчи эмас ва бу сафар қуролли кучлар демократия ва халқ иродасини ҳимоя қилишига умид қилади”, деб ёзган X тармоғида Аргентина президенти Хавьер Милей.
Перу ва Чили расмийлари ҳам шундай қарорга келишган. Перу ташқи ишлар вазири Хавьер Гонсалес-Олаэчеа Венесуэладаги сайловни “халқ иродасига тажовуз” деб атаган. Чили ТИВ раҳбари Альберто ван Клаверен эса Чили ҳукумати, халқаро кузатувчилар ўз хулосасини эълон қилмагунича, Николас Мадурони тан олмаслигини билдирган.
Венесуэладаги энг таниқли мухолифатчи – “Ягона демократик платформа” ассоциацияси лидери Мария Корина Мачадо сайловга қўйилган эмас. У ўз тарафдорларини бирлашган мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес учун овоз беришга чақирган.
2013 йилдан буён ҳокимият тепасида бўлган Николас Мадуро учинчи марта президентликка ўз номзодини қўйган. 11 йил аввал у ўзи каби PSUV социалистик партияси мансуби бўлган аввалги президент Уго Чавеснинг ворисига айланган эди. Мадуро Москва билан жуда яхши алоқада.
Аввалги сайлов қуролли тўқнашувга айланиб кетаёзган оммавий норозилик чиқишлари билан ўтган. Ўша пайтда мухолифат вакили Хуан Гуайдо сайлов натижалари сохталаштирилганини иддао қилиб, ўзини муваққат президент деб эълон қилган, АҚШ ва яна қатор давлатлар уни муваққат президет ўлароқ тан олишган эди. Бироқ мамлакатда реал ҳокимият Мадуро қўлида қолган.