Президент сайловида мағлубиятга учраганини тан олдириш учун Николас Мадурога босим ўтказиш мақсадида Венесуэла шаҳарлари кўчаларида бошланган норозилик акциялари 30 июль куни ҳам давом этди.
Сешанба куни қўлларида Венесуэла байроқлари ҳамда кастрюлка ва қошиқ тутган мухолифат тарафдорлари 2013 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Мадуродан ҳокимиятдан кетишни талаб қилиб чиқишган.
Франциянинг RFI медиакомпанияси 30 июль оқшомига бориб норозилик чиқишларида иштирокчиси бўлган тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар сони 11 нафарга етгани ҳақида хабар қилган.
Ҳукумат томонидан “давлат тўнтариши уриниши” ўлароқ баҳоланган норозилик тўлқини МСК томонидан амалдаги давлат раҳбари Николас Мадуро расман президент сайлови ғолиби деб эълон қилингани ортидан 29 июль куни бошланган. Мадуро назорати остидаги Миллий сайлов кенгаши тарқатган расмий маълумотга кўра, амалдаги президент сайловда 51 фоиз овоз олган.
Сайлов комиссиясини диктаторлик ҳукуматининг “чўнтак қўғирчоғи” деб атаётган мухолифатчилар саналган бюллетенларнинг 80 фоизи мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес Николас Мадуродан “икки баравардан кўпроқ” овоз олганини кўрсатганини иддао қилмоқда.
Венесуэлада кузатилаётган галдаги беқарорлик даври халқаро майдонда икки хил муносабатга сабаб бўлди. АҚШ сайловда овоз саналиши билан боғлиқ шахсларга қарши санкциялар киритишни режалаётганини билдирди. Вашингтон фикрича, расмий маълумотларга фақат овозларни санаш бўйича шаффофлик режими қайтарилган тақдирдагина ишониш мумкин бўлади.
Хитой ва Россия эса, Reuters агентлиги хабарига кўра, аллақачон Мадурони ғалаба билан табриклашга улгурган.