Венесуэлада мухолифат тарафдорлари полиция билан тўқнашди

Венесуэлада Мадуронинг президент сайлови ғолиби деб эълон қилинишига қарши намойишга чиққан норозилар, 2024 йил 29 июли

Венесуэлада амалдаги давлат раҳбари Николас Мадуро президент сайлови ғолиби деб эълон қилиниши ортидан мамлакатнинг турли шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари бошланди. 29 июль куни Мадурога қарши бўлган минглаб одам пойтахт Каракас кўчалари ва бутун мамлакат бўйлаб Миллий сайлов кенгаши (CNE) офислари олдида норозилик акцияларини ўтказишди. Норозилик чиқишлари чоғида намойишчиларнинг полиция ва ҳарбийлар билан тўқнашувлари бўлиб ўтди.

Венесуэла пойтахти Каракасда полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газдан фойдаланди. Бироқ минглаб норози президент саройи томон пиёда юриш уюштирди.

“Аввалига улар президент Мадуро ўзини ғолиб деб эълон қилганига қарши норозилик билдириб, кастрюллар ва товаларни даранглатишни бошлашди. Кейин эса таранглик кучая бошлади”, деб ёзди “Би-би-си” рус хизмати.

Каракас кўчаларида автомобиллар, резина ғилдираклар ва чиқиндилар ёқилган. Норозилар билан қуролли полициячилар ўртасида тўқнашувлар бошланган. Намойишчиларни президент саройи олдида куч ишлатар тузилмалар ходимлари кутиб олиб, уларга қарата пластик ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газли гранаталар ота бошлашган.

Фалькон штати маркази бўлмиш Коро шаҳрида норозилар Мадуронинг устози – аввалги президент Уго Чавес ҳайкалини ағдариб ташлашган. Аввалроқ Каракас ва бошқа жойлардаги сайлов участкаларида мухолифат ва Мадуро тарафдорлари ўртасида муштлашувлар чиққан эди.

Венесуэладаги тартибсизликлар чоғида 23 нафар ҳарбий жабрланган, улардан айримлари ўқотар қуролдан яраланган”, дея маълум қилган мамлакат мудофаа вазири Владимир Падрино Х тармоғида. У ярадорларга тиббий ёрдам кўрсатилаётганини қўшимча қилган.

Намойишчилар президент сайлови натижаларидан норози. Мадуро назорати остидаги Миллий сайлов кенгаши маълумотига кўра, 28 июль куни сайлов бюллетенларининг 80 фоизи қайта ишланганидан кейин амалдаги президент 51 фоиздан кўпроқ, бирлашган мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес эса 44 фоиз овоз жамғарган. Сайлов натижаларига оид тафсилотлар очиқланган эмас. Миллий ассамблея раҳбари Хорхе Родригеснинг билдиришича, МСКнинг президент сайлови натижаларига оид 100 фоизлик маълумотларни ёйинлашига “ҳакерлар ҳужуми” халақит қилмоқда.

Бирлашган мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес

Венесуэла мухолифати овоз бериш натижаларини тан олган эмас. Хорижлик кузатувчилар мустақил сўровномалар ҳақиқатдан узоқ деб атаётган сайлов натижаларнинг тафсилотларини очиқлашга чақиришган. АҚШнинг Edison Research фирмаси томонидан ўтказилган экзитпол мухолифат номзоди Гонсалес Мадуродан 30 фоиз кўпроқ овоз олиб, ғалаба қозонишини кўрсатган.

Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатларидаги ҳукуматлар сайлов натижаларини шубҳа остига олиб, овозларни тўлиқ санаб чиқишни талаб қилишган. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Оқ уйда сайловнинг расмий натижалари халқ иродасини акс эттирмайди, деган жиддий хавотир борлигини билдирган.

Биз ҳозиргина Венесуэла сайлов комиссияси баёноти билан танишиб чиқдик. Бизда эълон қилинган натижа Венесуэла халқи иродаси ёки овозини акс эттирмайди, деган жиддий хавотир бор”, деган Блинкен.

Бразилия ва Европа Иттифоқи ҳам овоз бериш натижаларини ҳисоблашда шаффофликка чақиришган. Айни пайтда Россия, Куба, Гондурас ва Боливия каби мамлакатлар Мадуронинг муҳтамал ғалабасини олқишлаб чиқишган.