Венесуэлада мухолифат лидерларидан бири, собиқ депутат Мария Корина Мачадо Каракатда бўлиб ўтган норозилик митинги ортидан қўлга олинди. Уни мотоциклдан йиқитишиб, номаълум томонга олиб кетишган. Бу ҳақда El Confidencial газетаси хабар қилди.
57 ёшли Мачадо ҳукуматпараст гуруҳлардан бири бўлган норасмий хавфсизлик органлари томонидан ушлаб кетилган бўлиши мумкин, деб ёзган нашр. Мухолифатчини қўлга олишда мотоцикл ва жиплардаги қуролли одамлар иштирок этишган, уларнинг ёнида дронлар бўлган. Тахминларга кўра, мухолифатчининг сафдошларига қарата ўт очилган, улардан бири яраланган.
Мачадонинг ушлаб кетилиши президентни қасамёдга келтириш маросимидан бир кун олдин содир бўлди. Ўтган йил ёзида ўтказилган сайлов натижаларига кўра, унда амалдаги президент Николас Мадуро яна ғолиб деб эълон қилинган. Мухолифат унинг ғолиблигини тан олмайди ва сайловда мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес ғалаба қозонди, деб ҳисоблайди. У сайловдан кейин мамлакатни тарк этган, бироқ 10 январь куни Каракасда қасамёд қилишини билдирган.
El Confidencial қайдича, бугунги кунга қадар Венесуэла расмийлари мухолифатнинг асосий лидерларини қўлга олишдан тийилишган, бунинг ўрнига улар мухолифатчиларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига эришишга уринишган. Мачадо Венесуэладан чиқиб кетган эмас.
Аввалроқ Николас Мадуро Қуролли кучларга сафарбар қилинган захирадагиларни қасамёдга келтириш маросимида Мачадони қатор портлашлар ташкил этиш ва мамлакат раҳбариятига суиқасдлар уюштиришга уринганликда айблаб чиққан эди.
Дунёдаги кўплаб мамлакатлар томонидан президент сайлови ғолиби ўлароқ эътироф этилган Гонсалес Мачадонинг зудлик билан озод этилишини талаб қилган. Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Америка офиси вакили Хуан Паппье мухолифатчининг озод этилиши учун жаҳон ҳамжамияти бирлашиши лозимлигини билдирган. Венесуэла расмийлари вазият юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.