Ўзбекистонда бундан буён диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш электрон тизим орқали амалга оширилиши кутилмоқда. Мазкур тартиб Қонунчилик палатаси томонидан сўнгги кунлар ичида кўриб чиқилиб, учинчи ўқишда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасида акс этган.
Палата матбуот хизмати қайдича, янги қонунда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашда мавҳум бўлган айрим диний атамаларга ойдинлик киритиш, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаш орқали уларнинг эркин фаолиятини янада кафолатлаш, диний ташкилотни тузиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, уни давлат рўйхатидан ўтказишда рад этиш асосларини аниқ кўрсатиш, бу соҳада тегишли давлат органларининг ваколатларини белгилаш, диний ташкилотни тугатиш, диний ташкилотларнинг ўтказилиши режалаштирилган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш ва уларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиблари каби нормалар ўз аксини топган.
Маҳаллий нашрларга кўра, янги қонун лойиҳасида фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслигига оид чеклов ҳам олиб ташланган.
Айни пайтда, kun.uz нашрининг ёзишича, айрим депутатлар ушбу қонунга узвий боғлиқ бўлган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-1-моддаси ўз кучида қолаётганига эътибор қаратганлар. Агар жамоат жойларида ибодат либосида юришга доир чекловлар олиб ташланса, бу модда янги қонунга тескари кучда бўлиб қолади. Шу сабабли депутатлар Дин ишлари бўйича қўмитага МЖтКдаги мазкур моддани бекор қилиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш ва бу борадаги ишларда ташаббускор бўлишлари кераклигини қайд этганлар.
Ҳужжат билан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўйича берилган аризани кўриб чиқиш муддати уч баравар қисқартирилиб, уч ойдан бир ойга туширилган. Бу ва бошқа кўплаб ўзгартишларни ўз ичига олган янги қонун кучга кириши учун эндиликда Сенат томонидан маъқулланиб, президент томонидан имзоланиши лозим. Бу ишлар амалга ошган тақдирда, шу кунда амалда бўлган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти ўтган йил декабрида Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарган. Бироқ АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) жорий йил апрель ойида Ўзбекистонни махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатига қайтаришни тавсия қилганди. Комиссиянинг бундай хулосага келишига асосан қонунчиликдаги муаммолар, хусусан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси халқаро стандартларга мос келмаслиги сабаб бўлгани билдирилганди.