Американинг Visa ва Mastercard тизимлари Кремль Украинага уруш очгани ортидан Ғарб қабул қилган санкцияларга таянган ҳолда, Россиянинг қатор банкларини блоклади.
Блокланган банклар мижозлари бундан буён хориж давлатларида ва интернет-магазинларда Visa ва Mastercard карталаридан фойдалана олмайди. Google Pay ва Apple Pay дастурлари ҳам улар учун ишламайди. Visa ва Mastercard карталаридан фақат Россия ичкарисида фойдаланиш мумкин бўлади.
Мазкур икки тизим айнан қандай банклар блокланганини маълум қилмади. Аммо аввалроқ Ғарб ВТБ, БМ-Банк, Саровбизнесбанк, "Откритие" банки, Совкомбанк, Новикомбанк, РГС Банкларга санкция жорий этган.
Visa ва Mastercard ҳар бири Украинага икки миллион доллардан, жами 4 миллион доллар гуманитар ёрдам жўнатишини эълон қилди.