Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судида собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳамда яна 49 нафар шахс устидан ёпиқ суд жараёни давом этмоқда.
5 сентябрда бошланган маҳкамада прокурор ва адвокатлар журналистларга фото ва видеога олишни тақиқлаш ҳақида сўровнома киритган, судья бу сўровномани қондирган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги судьянинг қарори президентнинг 2021 йил 16 июнидаги қарорига зид эканини таъкидлаб, маҳкама терговини очиқ ўтказиш ҳамда уни интернетда тўғридан-тўғри трансляция қилишни таклиф қилган. Аммо шунга қарамасдан маҳкама жараёни ёпиқ тарзда ўтмоқда.
Озодлик манбаларига кўра, собиқ вазир маҳкамага ДХХнинг Гвардейскийдаги тергов изоляторидан, бошқа судланувчилар эса Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 1-сонли тергов изолятори (Тоштурма)дан маҳкамага олиб келинмоқда.
Маҳкамани кузатаётган журналистлардан бирининг айтишича, 49 нафар судланувчининг сочлари олиб ташланган, фақат собиқ вазирнинг сочига “қайчи урилмаган”.
Озодлик танишган, ДХХ томонидан тақдим этилган айблов хулосасида Азиз Воитов ва бошқаларнинг турли даврларда давлат мулкини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлигига оид эпизодлар тилга олинган.
Хусусан, Воитовнинг ҳукуматдаги фаолиятидан аввал «Ўзсаноатқурилишбанк» бошқаруви раиси бўлгани, у қисқа даврда кредит ва бюджет маблағларини ўзлаштиргани, давлатга 200 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказгани айтилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Айблов хулосасида собиқ вазирнинг «Ўзсаноатқурилишбанк» раҳбари лавозимида жиноий шериклари билан кредит тарихи салбий бўлган Lanell Group МЧЖга банкнинг Тошкент шаҳар Олмазор тумани филиалидан 600 минг евро кредит олиб, уни сўндирмагани, аксинча, мансаб ваколатидан фойдаланиб, 2027 йил сентябрь ойига қадар 7 маротаба ноқонуний йўллар билан узайтиргани айтилади.
Воитовга қўйилаётган айбларнинг асосий қисмини 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси топшириғи билан банк маблағи ҳисобидан Тошкент вилоятида ходимлар учун уй-жой қурилиши лойиҳаларидаги схемалар ташкил этади.
“Воитов танишлари билан режа тузиб, Beltepa master stroy МЧЖга «айланма маблағларини тўлдириш» ва «қурилиш моллари сотиб олиш» учун кредит ажратиш, келгусида кредит эвазига қуриб битказиладиган бинони қиммат нархларда банк балансига топшириш ҳақида келишиб олган” дейилади айбномада.
Судланувчилар 2018-19 йилларда Beltepa master stroy МЧЖга жами 48,5 миллиард сўм кредит ажратиб, бунинг эвазига 7 қаватли турар жой биносини қурган. Бунинг ортидан улар банкнинг 32 миллион 394 сўмлик маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Давлат айбловчисига кўра, Азиз Воитов ўзининг ҳукуматдаги фаолияти даврида ҳам бир қатор жиноятларни содир этган.
“Қишлоқ хўжалиги вазирлиги балансидаги иккита бинони сунъий равишда яроқсиз ҳолга келтириш орқали давлат манфаатларига 133,6 миллиард сўм миқдорида зарар етказилишига сабабчи бўлган” деган давлат айбловчиси маҳкамада.
Собиқ вазир ўзининг судда берган дастлабки кўрсатмаларида айбларига қисман иқрорлигини айтган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Азиз Воитовнинг эътироз билдиришича, айрим ширкатларга қайнотаси А. Каримовнинг таъсисчи “қилиб қўйилгани”ни тергов даврида билган. У тергов бошқармаси унга нисбатан сохта мотивлар билан жиноят иши ясаб, айбловларни бўрттирган.
“Ҳатто тергов органи мени айблаш учун „Ўздонмаҳсулот“ АКга қарашли бинони ғайриқонуний равишда демонтаж қилишда айблаган. Ҳолбуки, бино Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг рухсати билан демонтаж қилинган. Мен Бош вазир ўринбосарига ишониб хато қилган эканман», дейди маҳкамада собиқ вазир.
Азиз Воитов президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён коррупцияда айбланиб маҳкамага тортилган энг юқори мартабали мулозимдир.
Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, Воитов Ўзбекистон президентининг 2023 йил август ойидаги Бухоро вилоятига сафари чоғида унинг кескин танқидларига нишон бўлган. Президент 2022 йилда бошланган маъмурий ислоҳотлардан ғазабда экани ҳақида Озодлик ўз манбаларига таяниб, хабар қилган эди.
Президент Бухородаги ёпиқ мажлисда кўплаб амалдорларнинг, хусусан, собиқ вазирнинг яқин маслакдоши деб ишониладиган Президент администрациясининг собиқ раҳбари Сардор Умурзоқовни ҳам ишдан олган.
Президент администрациясида 2023 йил августида амалга оширилган тузилмавий ўзгаришлар ортидан президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева амалда отаси администрацияси раҳбари лавозимини эгаллаган эди.
Коррупциялашган давлат
Transparency International халқаро нодавлат ташкилотига кўра, Ўзбекистон дунёнинг энг коррупциялашган мамлакатларидан биридир.
Transparency International халқаро коррупцияга қарши ташкилоти 2023 йил декабр ойидаги сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон 2022 йилга нисбатан беш поғонага кўтарилиб, 180 та давлат ичида 121-ўринни эгаллади.
Мамлакат Ангола, Мўғулистон ва Перу билан бир қатордан жой олди.
100 балли индекс бўйича (0 — коррупциянинг ўта юқори даражаси, 100 — ўта паст даража) Ўзбекистон 33 балл тўплади. Бир йил аввал Ўзбекистонга берилган баҳо 31 балл эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ташкилотга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон рейтингини сезиларли даражада яхшилашга ёрдам берган асосий омиллар қаторида Коррупцияга қарши кураш агентлигининг ташкил этилиши, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш қайд этилган.
“Ушбу қонунларни амалга ошириш учун чоралар ва тартиблар ишлаб чиқилган ва кўплаб коррупционерларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳукумат, шунингдек, турли вазирликлар ва маҳаллий ҳукуматларда янада қаттиқроқ ички назорат ва аудит воситаларини, жумладан, порахўрликнинг олдини олиш механизмларини жорий қилди”, дейилади Transparency International ҳисоботида.
Аммо ташкилот Ўзбекистонда авторитар тузум сақланиб қолаётгани, ошкоралик ва демократия тамойилларини жорий этиш, қонун чиқарувчи ва давлат институтлари устидан назоратни амалга ошириш зарурлигини қайд этган.
“Кенг қамровли ислоҳотлар зарур, бусиз коррупцияни енгиб бўлмайди. Ўзбекистон фаоллар ва фуқаролик жамияти вакиллари таъқиблар, сўроқларга учрашда давом этаётган авторитар давлатлигича қолмоқда. Мамлакат фуқаролик майдонини тўлиқ эркинлаштирмас экан, коррупция билан боғлиқ муаммоларни батамом бартараф этолмайди”, дейилади Transparency International ҳисоботида.
Аввалроқ расмий Тошкент 2030 йилгача мамлакатни Transparency International томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтариш режасини эълон қилган эди. Бу “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган 5 та йўналиш бўйича қўйилган юзта мақсаддан бири экани айтилган.
Ўзбекистон ҳукумати ва президент Мирзиёев администрацияси Озодликнинг ҳокимият юқори эшелонларидаги коррупция ва манфаатлар тўқнашувига доир суриштирувларини жавобсиз қолдириб келади.